Қримдаги портлаш Россияга қанчага тушгани сарҳисоб қилинди
Олам
−
12 Август 2022
16931Турли манбаларнинг хабар беришича, Қримдаги Саки аэродромида 8 дан 24 тагача рус самолётлари, асосан қирувчи ва разведка учоқлари йўқ қилинган. “Forbes Украина” нашри уларнинг нархини миқдори ва таснифига қараб ҳисоблаб чиқди.
Портлашлардан бир неча соат олдин Американинг Planet Labs компанияси аэродромнинг сунъий йўлдош тасвирларини эълон қилган – улар аэропорт яқинида 20 дан ортиқ самолёт турганини кўриш мумкин.
Украина Қуролли кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнатнинг сўзларига кўра, аэродромда асосан Су-30СМ қирувчи ва Су-24МР разведка самолётлари ҳамда битта ҳарбий транспорт Ил-76 ва бир нечта вертолётлар бўлган.
“Forbes” Россия ҳарбий самолётларининг тахминий нархини баҳолаган (баъзи ҳолларда алоҳида техникаларнинг нархига сезиларли таъсир кўрсатадиган ҳолатлар бўлиши мумкин). Хусусан, Су-30СМ – 50 миллион доллар, Су-24МР – 6 миллион доллар, Ил-76 – 86 миллион долларга баҳоланган.
Президент Зеленский 10 август куни украиналикларга кечки видеомурожаатида Россия Саки аэродромида 9 та ҳарбий самолётини йўқотганини айтди. Агар йўқолган тўққизта самолётнинг барчаси Су-24МР дан арзонроқ бўлган деб ҳисобласак, Россия йўқотишларининг умумий миқдори тахминан 55 миллион долларни, Су-30СМдан қимматроқ бўлса 450 миллион долларни ташкил қилади.
Очиқ манбаларга таянувчи UA Weapons Tracker разведка лойиҳаси Новофедоровка аэродромида камида 11 та самолёт – бешта Су-30СМ қирувчиси ва олтита Су-24МР зарба ва разведка самолёти йўқ қилинганини тахмин қилди. Бу ҳолатда Новофедоровкадаги портлашлар Россияга тахминан 300 миллион долларга тушган.
Разведкачиларнинг таъкидлашича, портлашда юқорида айтилганидан кўпроқ самолётлар йўқ қилинган бўлиши мумкин. Эҳтимол тасдиқланган 11 тадан ташқари яна тўртта самолёт йўқ қилинган, аммо бу ҳали исботланмаган.
InformNapalm халқаро разведка жамияти спутник тасвирлари зарбанинг бутун кўламини кўрсатмаслигини таъкидлаган. Қримдаги манбаларига кўра, Россия зарбадан сўнг саккизта Су-27, тўртта Су-30СМ, бешта Су-24, олтита Ми-8 ва битта Ил-20 ни йўқотган. Бу сценарийга кўра Москванинг йўқотишлари тахминан 380 миллион долларга тенг.
Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолининг Новофедоровка посёлкасидаги “Саки” ҳарбий авиабазасида кетма-кет портлашлар содир бўлди. Россия самолётлари Запорожье, Николаев ва Херсон вилоятларини бомбардимон қилиш учун айнан шу ҳаво базасидан фойдаланаётганди.
Украина Мудофаа вазирлиги портлашларга изоҳ бериб, ёнғин сабабларини аниқлай олмаганини таъкидлаб ўтди.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, портлашлар ўқ-дориларнинг ўз-ўзидан портлаши туфайли содир бўлган. Жароҳатланганлар ва бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар бор. 14 киши жабрланган.
“The Washington Post” нашри Украина расмийсига таяниб, Қримдаги аэродромга Украина махсус кучлари зарба берганини хабар қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси