Қирғизистон чегараолди аҳолисига қурол тарқатмоқчи

Олам

image
Қирғиз-тожик можароси Путин эмас, Мирзиёевнинг аралашуви билан барҳам топгани айтилди north_east

Қирғиз-тожик можароси Путин эмас, Мирзиёевнинг аралашуви билан барҳам топгани айтилди

Яқинда Тожикистон билан чегарада юз берган қуролли тўқнашувдан сўнг Қирғизистон парламенти депутатлари профессионал аскарлар ҳисобланмаган чегараолди ҳудудларидаги фуқароларга қурол беришни таклиф қилди. Ушбу таклиф парламентга тақдим этилган “Чегара комиссарлари тўғрисидаги” қонун лойиҳасида келтирилган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ёзмоқда.

Хабарга кўра, бундай комиссарлар махсус тайёргарликдан ўтади ва улар “мамлакат чегара хизматига ахборот масаласида ёрдам берадиган” резидентлар деб номланади. Қонунда уларга қурол беришдан ташқари, уларни йилига икки марта ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари улар ҳарбийлар билан тенг равишда ижтимоий суғуртага кириш ҳуқуқига эга бўлади. 

Маълум қилинишича, ташаббус муаллифлари қонунни қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги можародан кейин ёзишга қарор қилган. 

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, ўша тўқнашувлар оқибатида 36 Қирғизистон фуқароси ва 19 тожикистонлик ҳалок бўлган.

Айни вақтда Қирғизистонда 140 киши чегара комиссари мақомига эга. Агар қонун қабул қилинадиган бўлса, қўлларида қурол-яроғ бўлган одамлар сони ортади.

Хавфсизлик бўйича эксперт Артур Медетбековнинг таъкидлашича, тинч аҳолига қурол тарқатиш жуда хавфлидир. Эксперт милтиқ ва тўппончалар ҳарбий қисмлар ва полиция бўлимларидаги сейфларда сақланишига умид қилмоқда.

Бироқ, қирғиз депутатлари тайёрлаган қонун лойиҳасида қуролларнинг сақланиш тартиби бўйича ҳеч нарса дейилмаган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Шу куннинг ўзида Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.

1 май куни икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари чегара ҳудудида учрашиб, ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олди.

Шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги можаро тожик томони сув иншооти олдида кузатув камераларини ўрнатишни бошлаши ортидан бошланганини маълум қилди.

2 май куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлар ва ҳарбий техникани чегарадаги қуролли тўқнашув зонасидан олиб чиқишни бошлади.

Кейинчалик, Расмий Бишкек ва Душанбе чегаранинг умумий қисмини тавсифлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олгани маълум қилинди.

Давлат чегарасини муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Назарали уулу Талантбек Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги назорат пунктлари вақтинча ёпилганини маълум қилди.

Шундан сўнг, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазият барқарорлашиши муносабати билан қирғиз халқига мурожаат қилди.

3 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарадан қўшимча ҳарбий кучларни тўлиқ олиб чиқди.

Шу куни 2010 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида юз берган воқеалар вақтида мамлакат Президенти бўлган Роза Отунбаева ватандошларига мурожаат йўллаб, отишмаларга ташқи кучлар алоқадорлигини айтди.

Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистон билан чегарадош Исфара шаҳрининг Чоркух қишлоғига қилинган ҳужум учун қирғиз ҳарбий хизматчиларига қарши жиноий иш қўзғади.

Қолаверса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашувлар юзасидан Қирғизистон томонига ҳамдардлик билдирди.

Аввалроқ Қирғизистон чегарадаги воқеаларни ҳарбий босқинчилик деб атаганди. Тожикистон ушбу можарони тажовузкорлик деб баҳолади.

4 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон тожик-қирғиз чегарасида юз берган тўқнашувлар натижасида вайрон бўлган тожикистонликларнинг уйларини давлат бюджетидан қайта қуришга кўрсатма берди.

Тожик-қирғиз можаросидан сўнг Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари ишдан олинди.

Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан тожик-қирғиз можаросидаги вазият ҳақида гаплашди.

10 май куни Россия томонининг ташаббуси билан Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Унда Путин Россия Федерацияси Қирғизистон Республикасига чегара можаросининг гуманитар оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг