Қирғизлар ва тожиклар нимани бўлишолмаяпти? Бишкекда намойиш бошланди
Таҳлил
−
29 Апрель 2021
27786Хабарингиз бор, сўнгги кунларда Қирғизистон ва Тожикистон чегара ҳудудида кескинлик сақланиб турибди. Бугун, 29 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Исфара вилоятлари чегарасида ҳарбийлар ўртасида отишма ҳам бошланди.
Қирғизистон ҳукуматига Тожикистон билан зиддият етмаганидек, айни вақтда мамлакат пойтахти Бишкекда намойиш бошланган. Ҳукумат уйи ёнида йиғилган 200 дан ортиқ намойишчилар боткенликларни қўллаб-қувватловчи митинг ўтказмоқда.
Намойишчилар мамлакат Бош вазири Улуғбек Марипов ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиевдан ташқарига чиқишни талаб қилмоқда.
Қизиғи шундаки, намойишчилар кўришни талаб қилаётган иккала расмий ҳам Қирғизистонда эмас. Бош вазир Улуғбек Марипов амалий ташриф билан айни вақтда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб турибди.
Қирғизистонда мамлакат ҳудудий дахлсизлигига масъул бўлган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев эса 28 апрель куни Германияга даволаниш учун учиб кетган эди.
“Кеча [28 апрель] эрталаб даволаниш учун Германияга учдим. Аммо бугун [29 апрель] Боткендаги воқеалар сабабли шифохонага етиб бормай, Қирғизистонга қайтиб учиб кетяпман. Кечгача етиб бораман. Барчани сабр-тоқатли бўлишга чақираман”, деб ёзган Қамчибек Тошиев.
Хабарларга кўра, намойишчилар Бош вазир ёки ҳукумат аъзолари уларнинг олдига чиқиши учун 15 дақиқа вақт берган. Акс ҳолда, уларнинг ўзи Ҳукумат уйига бостириб кириш билан таҳдид қилган.
Мамлакат полиция ходимлари эса намойишчиларни провокацияларга берилмасликка чақирмоқда.
Сўнгги хабарларга кўра, намойишчилар Боткен вилоятига кетиш ва чегара қўшинларига ёрдам бериш учун кўнгиллилардан иборат отряд ташкил қилмоқда.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаронинг бошланиши
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Вазиятга ҳарбийларнинг аралашуви
Кейинчалик вазиятга икки мамлакат чегара қўшинларининг аралашуви ортидан тошбўрон отишмага айланиб кетди.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, Қирғизистон томони бугун, 29 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 10:45 да Тожикистон Республикаси фуқароларига қарата ўт очган.
“Икки эркак жароҳат олди. Улар Исфара шифохонасига ётқизилди. Бири қўл ва оёғидан яраланган. Иккинчиси эса бошидан: унинг аҳволи оғир”, дейилади қўмита хабарида.
Қирғизистон томони эса бошқача ахборот бермоқда
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг чегара қўшинлари ва махсус кучлари 29 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 14: 00 да миномётлар, пулемётлар ва автомат қуролларидан ўқ отишни бошлаган.
Икки ўртадаги тарихий чегара муаммоси
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 980 км атрофида. Совет Иттифоқи қулаганидан кейин, икки ўртадаги чегара чизиғида 10 дан ортиқ баҳсли участкалар пайдо бўлди.
Бугунги кунга қадар чегарани делимитация ва демаркация қилиш натижасида икки томон 580 кмлик чегара масаласида ўзаро келишувга эришиб улгурган. Демаркация комиссиясининг сўнгги йиғилиши 2021 йил март ойида бўлиб ўтди. Ушбу жараёнларда делегацияларга Тожикистон ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмиталарининг раислари бошчилик қилди. Юқорида қайд этилган уринишларга қарамай, ҳалигача икки ўртадаги чегара масаласи тўлиқ ҳал қилинганича йўқ ва баъзи ҳудудларда вақти-вақти билан чегараолди маҳаллий аҳолиси ўртасида тортишувлар ва можаролар бўлиб турибди.
LiveБарчаси