Тожик-қирғиз можароси: томонлар чегара масаласида келишувга эришди

Жамият

image

Расмий Бишкек ва Душанбе чегаранинг умумий қисмини тавсифлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар берди.

“Қирғизистон-Тожикистон давлат чегараси лойиҳа линиясининг давлат чегарас қолган қисмларида ўтишини янада тавсифлашни кучайтириш бўйича келишувга эришилди”, дейилади хабарда.

Матбуот хизматининг хабар беришича, икки мамлакат ҳукумат делегациялари аъзоларининг чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича учрашуви Қирғизистоннинг Боткен вилоятида бўлиб ўтган. Музокараларда қирғиз томонини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ҚҚМК) раҳбари Қамчибек Тошиев бошқарган. Тожик томонини эса Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Сайимумин Ятимов.

“Учрашув чоғида қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазиятни тартибга солишга қаратилган кейинги ҳаракатлар тўғрисида атрофлича фикр алмашилди. Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси делегациялари раҳбарлари қирғиз-тожик давлат чегарасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлиги тўғрисида тўлиқ ўзаро тушунишни билдирдилар”, дея қайд этади Матбуот хизмати.

Учрашув якунлари бўйича қўшма баённома имзоланди, унинг мазмуни эълон қилинмади.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Шу куннинг ўзида Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.

1 май куни икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари чегара ҳудудида учрашиб, ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олди.

Шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги можаро тожик томони сув иншооти олдида кузатув камераларини ўрнатишни бошлаши ортидан бошланганини маълум қилди.

2 май куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлар ва ҳарбий техникани чегарадаги қуролли тўқнашув зонасидан олиб чиқишни бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

114

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг