Мирзиёев Путин билан тожик-қирғиз можароси ҳақида гаплашди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 май куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда Президентлар тожик-қирғиз чегарасидаги можаро ҳақида ҳам суҳбатлашган.

Кремль расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, Марказий Осиё минтақасидаги вазиятни, шу жумладан, тожик-қирғиз чегарасидаги сўнгги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда, Президентлар можарони сиёсий ва дипломатик воситалар билан ҳал қилиш бўйича Душанбе ва Бишкек ўртасидаги келишувларни олқишлаган.

Улар вазиятни янада барқарорлаштириш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқлаган.

Шунингдек, турли даражадаги алоқаларни давом эттиришга келишиб олинган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Шу куннинг ўзида Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.

1 май куни икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари чегара ҳудудида учрашиб, ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олди.

Шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги можаро тожик томони сув иншооти олдида кузатув камераларини ўрнатишни бошлаши ортидан бошланганини маълум қилди.

2 май куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлар ва ҳарбий техникани чегарадаги қуролли тўқнашув зонасидан олиб чиқишни бошлади.

Кейинчалик, Расмий Бишкек ва Душанбе чегаранинг умумий қисмини тавсифлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олгани маълум қилинди.

Давлат чегарасини муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Назарали уулу Талантбек Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги назорат пунктлари вақтинча ёпилганини маълум қилди.

Шундан сўнг, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазият барқарорлашиши муносабати билан қирғиз халқига мурожаат қилди.

3 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарадан қўшимча ҳарбий кучларни тўлиқ олиб чиқди.

Шу куни 2010 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида юз берган воқеалар вақтида мамлакат Президенти бўлган Роза Отунбаева ватандошларига мурожаат йўллаб, отишмаларга ташқи кучлар алоқадорлигини айтди.

Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистон билан чегарадош Исфара шаҳрининг Чоркух қишлоғига қилинган ҳужум учун қирғиз ҳарбий хизматчиларига қарши жиноий иш қўзғади.

Қолаверса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашувлар юзасидан Қирғизистон томонига ҳамдардлик билдирди.

Аввалроқ Қирғизистон чегарадаги воқеаларни ҳарбий босқинчилик деб атаганди. Тожикистон ушбу можарони тажовузкорлик деб баҳолади.

4 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон тожик-қирғиз чегарасида юз берган тўқнашувлар натижасида вайрон бўлган тожикистонликларнинг уйларини давлат бюджетидан қайта қуришга кўрсатма берди.

Тожик-қирғиз можаросидан сўнг Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари ишдан олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Мирзиёев

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг