Тожикистонда қирғиз ҳарбийларига қарши жиноий иш қўзғатилди

Олам

image
Тожик-қирғиз можароси: Отунбаева отишмаларга ташқи кучлар алоқадорлигини айтмоқда north_east

Тожик-қирғиз можароси: Отунбаева отишмаларга ташқи кучлар алоқадорлигини айтмоқда

Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистон билан чегарадош Исфара шаҳрининг Чоркух қишлоғига қилинган ҳужум учун қирғиз ҳарбий хизматчиларига қарши жиноий иш қўзғади. Бу ҳақда бугун, 3 май куни мамлакат Бош прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тожикистон Республикаси Жиноят Кодексининг тешигли моддалари билан чегарадаги можаро юзасидан бир қатор қирғизистонлик фуқаро ва ҳарбийларга жиноий иш очилган.

“2021 йил 29 апрелда Тожикистон Республикаси Бош прокуратураси Қирғизистоннинг бир гуруҳ ҳарбийлари ва фуқароларига нисбатан мамлакат Жиноят Кодексининг 395-моддаси 2-қисми (агрессив уруш очиш ёки олиб бориш) ҳамда 104-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ кишини ўлдириш) билан жиноий иш қўзғатди”, дейилади хабарда. 

Прокуратура маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда тергов-тезкор гуруҳи тузилган ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хабарда айтилишича, 29 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 23:00 атрофида бир гуруҳ қирғиз чегарачилари 200 га яқин аҳоли ҳамроҳлигида Исфара шаҳри Чоркух қишлоғи яқинидаги Хўжай Ало пунктига келган. У ерда тожик муҳандислари видеокамералар ўрнатаётган бўлган. Манзилга етиб келган қирғизлар Тожикистон фуқароларига тош отишни бошлаган. 

Матбуот хизматига кўра, айнан ушбу провокация кейинчалик, тартибсизликларга айланиб кетган. Уларни тартибга чақириш учун Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳокими Баҳовуддин Баҳодурзода бошчилигидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари етиб келган, аммо қирғизлар уларни ўққа тутишни бошлаган. Бунинг оқибатида Исфара шаҳри ҳокими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва маҳаллий аҳоли жароҳат олган.

“Юқорида айтиб ўтилган қирғизлар яна кўп сонли ҳарбий хизматчилар, қуролланган маҳаллий аҳоли ва ҳарбий техникадан иборат ёрдамчи кучлар билан келиб, Тожикистон аҳолиси, инфратузилмаси ва чегара пунктларига ҳужум қилди”, дейилади Тожикистон Бош прокуратураси берган баёнотда. 

Қайд этилишича, юқоридаги зўравонлик оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган, кўп сонли уйлар ва бошқа иншоотлар ёниб кетган ҳамда фуқароларга, давлатга моддий зарар етказилган.

Шу муносабат билан, Тожикистон Бош прокуратураси ушбу ҳаракатларни БМТ Устави ёки бошқа халқаро шартномаларга мос келмайди деб ҳисоблаб, уларни тажовуз сифатида баҳоламоқда.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Шу куннинг ўзида Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.

1 май куни икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари чегара ҳудудида учрашиб, ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олди.

Шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги можаро тожик томони сув иншооти олдида кузатув камераларини ўрнатишни бошлаши ортидан бошланганини маълум қилди.

2 май куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлар ва ҳарбий техникани чегарадаги қуролли тўқнашув зонасидан олиб чиқишни бошлади.

Кейинчалик, Расмий Бишкек ва Душанбе чегаранинг умумий қисмини тавсифлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олгани маълум қилинди.

Давлат чегарасини муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Назарали уулу Талантбек Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги назорат пунктлари вақтинча ёпилганини маълум қилди.

Шундан сўнг, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазият барқарорлашиши муносабати билан қирғиз халқига мурожаат қилди.

3 майга келиб эса иккала томон ҳам ўз ҳарбий кучларини чегара чизиғидан олиб чиқишни якунлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг