Яна ноутбук машмашаси, Россиядан ўч олишга шайланган АҚШ ва Япония, икки йилдан кейинги илк Умра зиёрати – янгиликлар дайжести

Таҳлил

image
Бугун, 22 январь куни Ўзбекистон ва халқаро майдонда муҳим воқеалар содир бўлди. Хусусан, иккинчи маротаба ноутбук воқеаси такрорланиб, бу сафар Намангандаги ўқувчи ютган соврин бирйўла тортиб олинган бир пайтда АҚШ ва Япония Украина учун Россиядан ўч олмоқчилиги маълум қилди. Шу каби муҳим ва қайноқ янгиликлар қисқача тафсилоти билан қуйида танишинг.

Жамият 

Икки йилдан сўнг ўзбекистонликларнинг илк гуруҳи Умра зиёратига жўнаб кетди

Бугун эрта тонгда “Умра – 2022” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар қилди.

Маълум қилинишича, Умра сафарига йўл олган ўзбекистонликларни кузатиш учун таниқли уламолар, имом-домлалар ва мутасаддилар Тошкент халқаро аэропортида жам бўлган.

Нурафшонда йигит онасининг танишини дўппослаб, ўлдириб қўйди

Тошкент вилоятида йигит онаси билан спиртли ичимлик ичиб ўтирган меҳмонни калтаклаб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, 17 январь куни соат 21:30 ларда 27 ёшли П.М. Нурафшон шаҳар “Нурафшон” маҳалласида жойлашган яшаш хонадонидаги овқатланиш хонасига кириб, онаси 55 ёшли Б.Д. таниши 57 ёшли Н.Р. билан биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирганлигини кўрган. П.М. бундан жаҳли чиқиб, Н.Р. билан ўзаро жанжаллашиб, ёғоч бўлаги билан унинг чап сон қисмига ва танасининг дуч келган жойларига қўли ва оёғи билан уриб, тепиб тан жароҳати етказган.

Оқибатда Н.Р. олган тан жароҳатлари билан Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмаси олиб келиниб, унга тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан ушбу тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Бири тугатилиб, бошқаси очилди. Ҳокимликлар ҳузурида янги жамғармалар ташкил қилинди

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Республика ҳудудларида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

Қайд этилишича, жамғармаларни шакллантиришнинг асосий манбаси ерни хусусийлаштиришдан ва ерни ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳисобланади.

ТИВ Мисрга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди

Миср Соғлиқни сақлаш ва аҳолишунослик вазирлиги мамлакатга ҳаво, денгиз портлари ва қуруқликдаги чегара ўтказиш пунктлари орқали киришда ўзгаришлар бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Қоҳира шаҳридаги Элчихонаси хабар қилди.

Ташқи ишлар вазирлигига кўра, жорий йилнинг 22 январидан бошлаб Мисрга келган барча фуқаролар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёки мамлакат Дори-дармон агентлиги томонидан тасдиқланган коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тақдим этишлари шарт. 12 ёшгача бўлган болалар бундан мустасно.

Ойбек Турсунов “Kapitalbank”нинг аффилланган шахслари қаторидан чиқарилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви, тадбиркор Ойбек Турсунов “Kapitalbank” АТБнинг аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталида келтирилган.

2021 йилнинг ноябрь ойида Ойбек Турсунов “Kapitalbank”нинг асосий акциядори бўлгани учун ушбу рўйхатга киритилганди. Аммо жорий йилнинг 20 январида банкнинг аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилган.  Бунга унинг банк акцияларидаги улуши 20 фоиздан камроқни ташкил қилгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

119 та давлат ташкилоти Президент фармонини бажармаган – КҚКА

2021  йил Ўзбекистонда 119 та давлат органи ва ташкилоти ўз тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилишини таъминламаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотда айтилган. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, агентликка давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилган.

Яна ноутбук машмашаси: Намангандаги ўқувчи ютган соврин бирйўла тортиб олинди

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Норин туманидаги 1-мактаб ўқувчисига берилган ноутбук қайтариб олингани ҳақидаги видеомурожаат тарқалди. Видеомурожаатда айтилишича, Республика миқёсида ўтказилган онлайн олимпиадада математика фани бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритган Муроджон исмли ўқувчига берилган ноутбук қайтариб олинган.

“2022 йил 10 январь куни бўлиб ўтган Республика онлайн олимпиадасида биринчи ўринни эгалладим ва менга ноутбук билан фахрий ёрлиқ берилди. Аммо бу ноутбукни мактабимиз ўқитувчилари олиб қўйди. Сабабини сўраганимда “бу мукофот сеники эмас, чунки сени номингдан биз ишлаганмиз, биз меҳнат қилганмиз” деди. Ўқитувчига берилган совғани эса методист ишлатади, у ҳам меҳнат қилган деб методистга бериб қўйди”, дейди Муроджон ўз видеомурожаатида.

Олам

Бош оғриқ Навальний. “Путиннинг саройи” фильмининг иккинчи қисми эълон қилинди

Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси, россиялик мухолифат етакчиси Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши курашиш фонди (ФБК) “Путиннинг саройи” фильми эълон қилинганига бир йил тўлиши муносабати билан сирли қароргоҳ ҳақида янги фактларни ошкор қилди.

Навальний жамоаси Россия раҳбарининг Геленжикдаги қароргоҳи дея атаб келинадиган кошонанинг ички интерьер суратлари акс этган ҳужжатли фильмнинг иккинчи қисмини ФБКнинг YouTube каналига жойлаштирган.

Навальний Россияга қайтган пайти ҳибсга олиганидан сўнг, оммага эълон қилинган ҳужжатли фильм Россия расмий телеканаллари томонидан “мултфильм” дея эътироф этилиб, ундаги барча маълумотлар уйдирма экани таъкидланганди.

АҚШ ва Япония Украина учун Россиядан ўч олмоқчи

Кеча, 21 январь куни АҚШ Президенти Жозеф Байден Япония Бош вазири Фумио Кишида билан телеконференция чоғида Украина-Россия чегарасидаги таҳликали вазиятни муҳомака қилди. 

Давлат раҳбарлари агар Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса кучларни бирлаштирган ҳолда Киевга кўмаклашиш ва керак бўлса Россияга қарши биргаликда чора кўришга келишиб олди. Бу ҳақда, Оқ уй Матбуот хизмати ўзининг эълон қилган ёзма баёнотида маълум қилган.

“Раҳбарлар Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини тўхтатиш учун яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Бош вазир Фумио Кишида АҚШ ва бошқа халқаро иттифоқчилар билан биргаликда Украина хавфсизлигини таъминлаш борасида ва унга нисбатан уюштирилган ҳар қандай ҳужумлар чоғида ҳамкорликни янада кучайтиришга ваъда берди”, дейилади Оқ уй баёнотида. 

Шварценеггер ҳалокатга учради

Америкалик актёр ва сиёсатчи Арнольд Шварценеггер йўл-транспорт ҳодисасига учради. Тўқгашувдаги иккинчи машинада бўлган аёл шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда  TMZ хабар берди.

“Арнольд Yukon русумли йўлтанламас машинасини ҳайдаб кетаётиб, қизил Prius билан тўқнашиб кетди... Унинг йўлтанламаси айлана бошлади ва Prius’нинг томига чиқиб кетди”, дейилади хабарда.

АҚШ Афғонистонга мўлжалланган вертолётларни Украинага беради 

АҚШ Украинага Россияда ишлаб чиқарилган Ми-17 вертолётларини беради. Улар Афғонистонда “Толибон” ҳокимият тепасига келгунига қадар афғон армиясига топшириш учун мўлжалланган эди. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди. 

“Биз яқинда Конгрессни Ми-17 вертолётларини жойлаштириш ниятимиз ҳақида хабардор қилдик. Шунинг учун мен Президент кутмоқда, деб айтмаган бўлардим. Бу йўналишдаги ҳаракатлар яққол кўриниб турибди”, деган у Оқ уйда журналистлар учун ўтказилган навбатдаги брифингда. 

“Совуқ уруш давридагидан ҳам хавфли”. БМТ дунёдаги вазиятдан хавотирда 

Дунё “Совуқ уруш” давридагидан кўра хаотик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган хавфли вазиятда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.  

Унинг сўзларига кўра, “Совуқ уруш” икки блок ўртасида олиб борилган, ҳар бирининг ўз иттифоқчилари бўлган, блоклараро можароларнинг олдини олишнинг аниқ қоидалари ва механизмлари мавжуд бўлган. Башорат қилиш мумкин бўлгани туфайли “Совуқ уруш” ҳеч қачон блоклар ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашувга айланмаган.

“Биз ҳозир кўраётган нарсамиз анча тартибсизроқ ва олдиндан айтиб бўлмайдиган нарса, бизда инқирозларни енгиш учун воситалар йўқ. Демак, биз, шубҳасиз, жуда хавфли вазиятдамиз”, деган Гутерриш. 

Машинасини “магнитофон”сиз чиқараётган “UzAuto Motors” Россияга Tracker ва Onix сотмоқчи

Ўзбекистоннинг “UzAuto Motors” компанияси Россия бозорига Chevrolet Tracker кроссовери ва Onix седанини етказиб беради. Бу ҳақда Россия маҳаллий нашрлари маълум қилди.

Нашрга кўра, Россияда Tracker ихчам кроссоверининг дебюти 2022 йилнинг декабрида ёки 2023 йилнинг январида бўлиб ўтади. Onix етказиб берилиши эса 2023 йилнинг ёз ойларига режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда Chevrolet Tracker кроссоверининг сотуви 2022 йилнинг сентябрида, Onix седаники эса 2023 йил мартидан бошланади.

Қитъа уруши қачон бўлиши тахмин қилинди

Кейинги қитъа уруши яқин бир неча ўн йилликларда бўлиши мумкин. Бу ҳақда Германия Ҳарбий-денгиз кучлари раҳбари, вице-адмирал Кай-Ахим Шёнбах таъкидлаган. 

“Менимча, (қитъалар ўртасида) уруш яқин икки ёки уч йил ичида эмас, балки яқин 10-20 йил ичида бўлади”, деган Шёнбах Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари институтида бўлиб ўтган конференцияда. 

Вице-адмиралнинг фикрича, икки томонлама ҳамкорлик ҳеч нарсани англатмайди. 

Қозоғистон ядро қуроли бўйича дунёга чақириқ билан чиқди

Қозоғистон дунё давлатларини Ядровий қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги шартномаси қўшилишга чақирди. Бу ҳақда “Казинформ” Қозоғистон ТИВга асосланиб, хабар берди.

Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома (ЯҚТШ) кучга кирганининг бир йиллиги муносабати билан Қозоғистон Республикаси инсонпарварлик ва экологик оқибатларга дуч келган ядровий қуролсизланишнинг фаол тарафдори сифатида Ядро қуроли синовлари тўғрисида, дунёнинг барча мамлакатларини ядро қуролидан ҳоли қилиш учун ЯҚТШга қўшилишга чақирган.

Дуров Россиянинг навбатдаги тақиқини қоралаб, Ўзбекистонни намуна қилиб кўрсатди

Россияда криптовалюталарнинг тақиқланиши IT-мутахассисларининг мамлакатдан чиқиб кетишига олиб келади ва юқори технологияли иқтисодиёт тармоқларини йўқ қилади. Бу ҳақда Telegram ижтимоий тармоғи асосчиси Павел Дуров айтиб ўтди. 

Дуровнинг таъкидлашича, Россия Марказий банкининг мамлакатда криптовалюталарни тақиқлаш таклифи умуман блокчейн технологиялари ривожланишини секинлаштиради.

“Россия Федерацияси Марказий банки криптовалюталарни бутунлай тақиқлашни тавсия этиб, чақалоқни сувга улоқтиришни таклиф қилмоқда. Бундай тақиқ ноқонуний ўйинчиларни тўхтатиб қўя олиши даргумон, бироқ бу соҳадаги қонуний лойиҳаларга чек қўяди”, дейди Дуров.

Спорт

YouTube юлдузи UFC’да жанг қилиши мумкин

UFC президенти Дана Уайт YouTube блогери Жейк Пол билан яқинда бўлиб ўтган можарога қарамай, уни ташкилот жангларида иштирок этиши мумкинлигини маълу қилди.

“Мен бу болани ҳатто танимайман. Ростини айтсам, айнан шу ерда ва ҳозир сиз мендан у ҳақида охирги марта эшитяпсиз. Мен у билан тугатдим. Унга UFC’да қатнашишига рухсат берардимми? У нимани хоҳласа, қила олади. Билмайман. Мен бу ҳеч қачон содир бўлмайди, деб ўйламайман”, дейди Уайт.

UFC’даги энг зўр жангчи ким? Сўз Майк Тайсонга

Профессионал бокснинг супер оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Майк Тайсон UFC’даги энг ёрқин жангчи номини айтди. Бу ташкилот тарихидаги илк чемпион Ройс Грейси бўлиб чиқди.

“Мен доим Ройс Грейсининг жангларини томоша қилганман. У ҳамманинг дўсти эди ва худди Давид сингари барча Голиафларни мағлубиятга учратар эди. Аммо энди ҳамма унинг услубини билади”, дейди Тайсон.

“Темир Майк” кўплаб UFC жангчилари билан илиқ муносабатда ва ўзининг кўплаб подкастларида Генри Сехудо ҳақида кўп гапирган.

Роналду можароси давом этади. МЮ ёшлари ундан норози 

“Манчестер Юнайтед”нинг ёш футболчилари клубнинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналдудан норози. Бу ҳақда “The Athletic” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, клубнинг айрим футболчилари португалиялик ҳужумчининг бир неча кун аввал берган интервьюсида ёш футболчилар ҳақида танқидий фикр билдирганидан норози бўлишган. Ҳаттоки, Эдинсон Кавани инглиз тилини яхши билмаса ҳам, ёш футболчилар билан тил топишиши осонроқ.

Агар “Қизил иблислар” UEFA Чемпионлар лигасига йўлланма олмаса, Роналду клубдан кетиши ҳақида хабар берилган эди. Португалиялик футболчи еврокубокларда 6 марта ғолиб бўлган ва яқинда вафот этган “Реал” афсонаси Франсиско Хентонинг рекордини янгиламоқчи. Криштиану 5 марта ЕЧЛ бош совринига эга чиққан.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made