АҚШ ва Япония Украина учун Россиядан ўч олмоқчи
Олам
−
22 Январь 2022
14348Кеча, 21 январь куни АҚШ Президенти Жозеф Байден Япония Бош вазири Фумио Кишида билан телеконференция чоғида Украина-Россия чегарасидаги таҳликали вазиятни муҳомака қилди.
Давлат раҳбарлари агар Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса кучларни бирлаштирган ҳолда Киевга кўмаклашиш ва керак бўлса Россияга қарши биргаликда чора кўришга келишиб олди. Бу ҳақда, Оқ уй Матбуот хизмати ўзининг эълон қилган ёзма баёнотида маълум қилган.
“Раҳбарлар Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини тўхтатиш учун яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Бош вазир Фумио Кишида АҚШ ва бошқа халқаро иттифоқчилар билан биргаликда Украина хавфсизлигини таъминлаш борасида ва унга нисбатан уюштирилган ҳар қандай ҳужумлар чоғида ҳамкорликни янада кучайтиришга ваъда берди”, дейилади Оқ уй баёнотида.
Сўнгги пайтларда Ғарб давлатлари ва Киев Россиянинг Украинага ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақида ўзининг хавотирли баёнотларини қайта-қайта эълон қилиб келмоқда.
Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу баёнотларни асоссиз ҳамда Ғарб ва Россия ўртасидаги муносабатларни қасддан ёмонлаштиришга уриниш дея атаган.
Унинг қўшимча қилишича, Россия ҳеч ким учун хавф-хатар туғдирмайди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Оқ Уй Матбуот котиби Жен Псаки Россия қачон Украина ҳудудига бостириб кириши ҳақида маълум қилган эди. Унга кўра, Москва Киевга жорий йилнинг январь-февраль ойларида ҳужум қилишни кўзламоқда.
“Биз Россия ҳукумати босқинга тайёргарлик кўраётганидан хавотирдамиз. Биз буни аввал ҳам кўрганмиз. Бу воқеалар бизга 2014 йил, Россия Украина шарқидаги кучларга қарши ҳужум қилиш учун уларга қарши саботаж ва ахборот операциялари уюштирган пайтни эслатмоқда. Россия ҳарбий режалари январь ва февраль ўрталарида бошлаши мумкин”, деган Псаки.
Бунинг ортидан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини “сохта ва ахборот босими” дея атаган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь