Глобал исиш даври тугаб, глобал қайнаш даври бошланди – БМТ
Бу қизиқ
−
28 Июль 2023
10523Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антониу Гутерриш дунёда глобал исиш даври тугаб, глобал қайнаш даври бошланганини айтди. Бу ҳақда ташкилот расмий саҳифасида маълум қилинди.
“Иқлим ўзгариши шу ерда. Бу даҳшатли. Ва бу ҳали бошланиши. Ҳали ҳам глобал ҳароратнинг 1,5 даражага [саноатгача бўлган даражадан юқори] чеклаш ва иқлим ўзгаришининг энг ёмон оқибатларидан қочиш мумкин. Аммо фақат кескин, зудлик билан амалга ошириладиган иқлимий ҳаракатлар орқали”, дейди Гутерриш.
БМТ раҳбарининг мазкур огоҳлантириши олимлар сўнгги уч ҳафтада об-ҳаво ҳарорати бўйича рекордлар янгиланаётгани ҳамда июль ойи тарихдаги энг иссиғи бўлиши мумкинлигини прогноз қилганидан сўнг чиққан.
Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (WMO) ва Европа Иттифоқининг Коперник Ерни кузатиш дастурига кўра, қазиб олинадиган ёқилғиларнинг ёниши ва шиддатли об-ҳаво сабаб бу ойдаги глобал ҳарорат рекодларни янгилаган.
Қуёш нурларини ушлаб қолувчи ва Ер атрофида иссиқхонадаги каби ҳолатни юзага келтирувчи ифлосланиш туфайли глобал ҳароратнинг доимий кўтарилиши об-ҳавонинг ёмонлашувига олиб келмоқда.
“Инсоният қайноқ ўриндиқда. Шимолий Америка, Осиё, Африка ва Европанинг катта қисмлари учун бу шафқатсиз ёз. Бутун сайёра учун бу фалокат. Олимлар учун ҳам. Буларнинг барчасига одамлар айбдор. Ҳаммаси прогнозлар ва доимий огоҳлантиришларга тўла мос келмоқда. Ажабланадиган ягона нарса бу – ўзгаришнинг шиддати”, дейди БМТ Бош котиби.
Гутерриш сиёсатчиларни тезкор чоралар кўришга чақирган.
“Ҳаво нафас олиб бўлмайдиган даражада, иссиқлик чидаб бўлмас, қазилма ёқилғи даромадлари даражаси ва иқлимнинг ҳаракатсизлиги қабул қилиниши мумкин эмас. Раҳбарлар ўз вазифаларини бажариши керак. Энди иккиланиш ҳам, баҳоналар ҳам, бошқаларнинг аввал ҳаракат қилишини кутиш ҳам ўтмайди. Бунга вақт йўқ”, дея қатъий таъкидлайди у.
Иқлимшуносларнинг таъкидлашича, ҳозирда глобал ҳаво ҳарорати саноатгача бўлган даврдан қарийб 1,5 даражага иссиқ ва июль ойи ҳали тугамаган бўлса ҳам у тарихдаги энг иссиғи бўлиши прогноз қилиняпти.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда дунё бўйича бир пайтнинг ўзида АҚШ, Туркия, Греция, Италия, Жазоир каби мамлакатларда ўрмон ёнғинлари содир бўлмоқда. Италияда ҳавонинг исиши ортидан жанубий оролларда ўрмон ёнғинлари, шимолда эса довуллар оқибатида фавқулодда ҳолат эълон қилиниши режалаштирилмоқда. Жазоирда эса ўрмон ёнғинлари оқибатида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Туркиянинг бир нечта вилоятлари ҳам ўрмон ёнғинлари ичида қолган бўлса, Канадада ўрмон ёнғинлари оқибатида 9 миллион гектар ҳудуд кулга айланди. Олимлар июль ойининг биринчи ўн кунлигида рекорд даражадаги иссиқ ҳафтани қайд этди. Шунингдек, Ўрта ер денгизи сувларининг ҳарорати ҳам рекорд даражада исиди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2023 йилда бутун дунё бўйлаб экстремал об-ҳаво ҳодисалари аввалгига нисбатан кўпроқ содир бўлишидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси