Қоғозда қолган ногиронлар ҳуқуқлари
Таҳлил
−
03 Декабрь
21462022 йилдаги маълумотда 2-3 фоиз аҳолиси ногирон бўлган Ўзбекистонда бугунгача имконияти чекланган фуқароларнинг тўсиқларсиз ҳаракатланиши таъминланаётгани йўқ. Албатта, бу муаммо нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа ривожланган мамлакатларда ҳам учрайди. Лекин ногиронлиги бўлганларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида турли халқаро ҳужжатларни қабул қилиш, қонунлар ишлаб чиқишда бизга етадигани йўқ.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли резолюциясига мувофиқ ҳар йили 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни сифатида дунё бўйлаб нишонланади.
Унинг мақсади - жамият ҳаётининг барча соҳаларида ногиронлар ҳуқуқларини рағбатлантириш, шунингдек, ногиронлар муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишдан иборат.
Мазкур сана жамиятда тенглик ва адолатни таъминлаш йўлида ногиронлик масалаларига эътибор қаратиш учун алоҳида байрам сифатида қабул қилинган. Бу нафақат ногиронлиги бўлган инсонлар ҳаётини яхшилаш, балки бутун жамият ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятлар
Жаҳон банки тадқиқоти натижасига кўра, Ўзбекистонда расман 2022 йилда 845,3 минг киши ёки умумий аҳолининг 2,3 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар деб тан олинган. Бу ҳақда банкнинг мамлакатдаги ваколатхонаси берган маълумотларда сўз боради.
Уч ва ундан юқори ёшдаги жами аҳолининг 13,5 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига, 3,5 фоизи эса ногиронликнинг оғир шаклига эга.
Ногиронлиги бор шахсларнинг катта қисми қишлоқ жойларда яшайди. Масалан, қишлоқларда 532 минг, шаҳарларда эса 313,3 минг ногиронлиги бор шахслар истиқомат қилади. Бу борада энг юқори кўрсатгич Навоий (3,6 фоиз) ва Сирдарё вилоятлари (3,1 фоиз) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (2,9 фоиз) кузатилмоқда.
Ногиронлар тўғрисидаги қонунчилик
Ўзбекистон Республикаси “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил, 11 сентябрда эса Сенат томонидан маъқулланган. Ушбу ҳужжат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида иштирок этиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.
Қонуннинг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат:
- Тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш: Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим, меҳнат, тиббий хизматдан фойдаланиши, маданият ва спорт соҳасида тенг имкониятларга эга бўлиши кафолатланган.
- Ижтимоий муҳофаза: Ногиронларга давлат томонидан моддий ёрдам, ижтимоий хизматлар ва яшаш шароитларини яхшилаш учун чора-тадбирлар назарда тутилган.
- Ташкилий ва инфратузилма мослашуви: Жамиятнинг барча инфратузилмалари, шу жумладан транспорт, бино ва иншоотлар ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштирилиши талаб қилинган.
- Бандликни рағбатлантириш: Ногиронлиги бўлган шахсларга иш берувчиларга қўшимча рағбатлантириш механизмлари жорий этилиши белгиланган.
- Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мониторинг қилиш: Қонунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ҳамда ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш бўйича назорат тизими белгиланган.
Ушбу қонун БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига асосланган ва ногиронликни фақат тиббий муаммо сифатида эмас, балки ижтимоий масала сифатида ҳал қилишга қаратилган.
Ўзбекистонда ногиронларга яратилган шарт-шароитлар:
- 2022 йил 31 август куни Ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаолият юритиши учун иш ўринлари ва касбларни мослаштириш бўйича тавсиялар тасдиқланган. Улар:
- биноларда, ҳар хил иншоотларда, кириш жойларида, коммуникация хоналарида, маъмурият, маданий-маиший хизмат кўрсатиш жойларида, иш жойларида, тиббий хизмат кўрсатиш хоналарида, санитария-маиший хоналарда ҳаммабопликни, хавфсизликни, ҳаёт фаолиятига мос келадиган меъёрий шароитларини таъминлаш;
- кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар тўсқинликсиз ўз иш жойини топиши ва меҳнат функциялари бажарилишини таъминлайдиган тифлотехник белгилар ва тузилмалар билан махсус иш жойини жиҳозлаш;
- қўшимча периферияли жиҳозлар ва функционал мақсадли электрон тифлотехник воситалар ёрдамида визуал маълумотга овоз бериш ва кўриш назоратисиз меҳнатни бажариш имкониятини таъминлаш;
- махсус иш жойини ёзув учун бўртма – нақш-нуқтали ва ясси босмали ҳарфлар, шунингдек, тошқалам, дафтарлар ва ён дафтарчалар, Брайл ёзуви учун босмали ҳарф, товушни ёзувчи ва товушни қайтадан тикловчи асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
- компьютерда ишлашга мўлжалланган иш жойини йирик бўртма – нақш кескин фарқ қиладиган (контраст) босмали ҳарф ва Брайл босмали ҳарф (Брайл дисплей ва Брайл клавиатураси) билан таъминлаш;
- махсус асбоб-ускунали ва дастурли воситалар, шунингдек, мослаштирилган тактил дисплей ва аудиодисплей (нутқ синтезатори) ёрдамида монитор экранида визуал маълумотга овоз бериш имконини яратиш.
2024 йилда Адаптив Спорт Ассоциацияси ташкил этилиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт билан шуғулланиш имкониятлари кенгайтирилди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг имкониятларини намойиш этишда паралимпия спортчилари катта роль ўйнамоқда. 2024 йилда Париж шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси тарихий натижаларга эришиб, умумий рейтингда 13-ўринни эгаллади. Спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган кўплаб олтин, кумуш ва бронза медаллар нафақат уларнинг шахсий ютуғи, балки мамлакат шаъни учун катта ғурур манбаи бўлди.
Жаҳонда ногиронлиги мавжуд шахсларга эътибор
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизи, яъни 1 миллиарддан ортиқ инсон ногиронликка эга. Уларнинг аксарияти ривожланаётган давлатларда яшайди. Ривожланган мамлакатлар ногиронларнинг ҳаёт сифати ва жамиятдаги ўрнини яхшилашга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар ишлаб чиққан.
Европа Иттифоқи 2030 йилгача ижтимоий интеграция стратегиясини ишлаб чиққан, АҚШ “Ногиронлар акти” орқали имкониятлар тенглигини таъминлашга уринмоқда, Канада ва Япония инклюзив таълим ва замонавий технологиялар орқали ногиронларни қўллаб-қувватламоқда. Скандинавия давлатлари ногиронлар бандлигини рағбатлантирмоқда, Франция эса транспорт ва инфратузилмани ногиронлар учун мослаштирган.
Ногиронлар қутула олмаган муаммолар
Албатта, бугунгача ногиронлиги бўлган шахслар қутула олмаган муаммолар талайгина. ЖССТ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ногиронлиги бор шахсларнинг 50 фоиздан кўпроғи ҳали ҳам таълим ва бандлик имкониятларидан четда қолмоқда. Бу ҳолат кўпинча ижтимоий стереотиплар ва етарли бўлмаган хабардорлик натижасида юзага келади.
Ижтимоий стигма: Баъзи жамиятларда ногирон шахслар жамоат ҳаётига кам жалб қилинади ва улар ўз имкониятларини тўлиқ намоён эта олмайди.
Инклюзив инфратузилманинг етишмаслиги: Бир қатор давлатларда, жумладан, ривожланаётган мамлакатларда транспорт, жамоат жойлари ва таълим тизими ҳали ҳам ногиронлар учун тўлиқ мослаштирилмаган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда жамоат транспорти ногиронлиги бор шахслар учун тўлиқ мослаштирилмаган. Тўғри, метронинг ташқи томондаги зиналарида ногиронлар аравачаси учун мўлжалланган қурилмалар бор, аммо шунга парадокс равишда метронинг ички томонидаги зиналарда бундай қурилмаларни қидириб ҳам тополмайсиз. Метро ходимларидан сўрасангиз, ногирон одамни кўтариб олиб тушиш керак деган жавобни оласиз. Яъни ногирон одам ўз-ўзини эплаб, бемалол ҳаракатлана олиш имконияти йўқ. Кўз ожиз инсонлар эса ёнида шеригисиз нафақат автобус ёки метрода, балки кўчада ҳам эркин ҳаракатлана олмайди.
Жамоат транспортида кўз-кўз учун ўрнатилган айрим қурилмалар эса қоғоздаги қонунларнинг амалдаги “безаги” қилиб ишланган.
Жамоат транспортлари такомиллашиб, 12 метрли электробуслар-у 18 метрли “гармошка”лар пойтахт кўчаларида кўпайиб қолди. Уларда ногиронлиги бор шахслар учун катта қулайликлар бор. Аммо бу энди Ўзбекистонда “отахон” автобуслар йўқ дегани эмас. Юртимизнинг аксарият чекка ҳудудларида айнан эски турдаги автобуслар юради ва юқорида таъкидланган статистик маълумотга кўра ногиронлиги бор шахслар айнан қишлоқ жойларда кўп. “Отахон” автобусларда улар учун мутлақ шароит йўқ.
Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси ва “Инклюзив ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти Тошкент шаҳридаги бир қанча туристик, тарихий ва диққатга сазовор жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги “Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мониторинг ўтказган.
Мониторинг чоғида барча объектларда кўзи ожизлар учун тактил йўлаклар йўқлиги маълум бўлган. Кўпгина объектларнинг кириш қисмида тўсиқлар мавжуд ёки эшиклар тор ва тор пандуслар ногиронлар аравачасидан фойдаланадиган одамларнинг бино ичига киришига имкон бермаслиги, кўпгина музейлар, меҳмонхоналар ва диний мажмуаларда пандуслар, тактил йўлаклар, лифтлар ва мослаштирилган ҳожатхоналар йўқлиги, автотураргоҳларда ногиронлар учун махсус жойлар етишмаслиги, кириш жойлари кўпинча зинапоялардан иборат бўлиб, ногиронлар аравачасида ҳаракатланишни қийинлаштираётгани аниқланган.
Таълимдаги тенгликнинг йўқлиги: Хорижий ОАВларнинг ёзишича, дунё бўйлаб ногирон болаларнинг 40 фоизга яқини мактабга бормайди. Бунга сабаб ривожланаётган мамлакатларда ногирон болалар учун махсус мослаштирилган ўқув дастурлари мавжуд эмас.
Мисол сифатида Ўзбекистондаги мактабларни ҳам олиш мумкин, айнан Ўзбекистонда ҳам имконияти чекланган Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қандай тўсиқсиз ўқиши мумкин бўлган мактаб ёки ОТМлар мавжуд эмас. Борлари ҳам аҳоли сонига нисбатан жуда кам.
Шунингдек, уларнинг иш топиши, рўзғор тебратишида ҳам бир қанча муаммолар бор. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, ногиронлиги бор шахсларнинг атиги 30 фоизи расмий меҳнат бозорида фаолият юритади. Бу, асосан, иш жойларининг мослаштирилмагани ёки иш берувчиларнинг салбий муносабати билан боғлиқ.
Ўзбекистондаги деярли ҳеч қайси корхона ёки ташкилотда ногиронлиги бор шахслар учун шароитлар яратилмаган. Буни билиш учун шунчаки биноларнинг зиналарига разм солиш кифоя.
Бугунги куннинг аччиқ ҳақиқатларидан бири шундаки, дунё миқёсида давом этаётган урушлар ва қуролли можаро оқибатида минглаб инсонлар ногиронга айланмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги зиддиятлар тинч аҳолига жиддий зарар етказиб, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилмоқда. Урушлар оқибатида пайдо бўлаётган янги ногиронлар сони нафақат инсоний, балки иқтисодий ва ижтимоий инқирозни ҳам кучайтиряпти.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳамма билан тенг экани айтилгани билан, аслида ундай эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Буни билиш учун исталган бинонинг зинапояларига қараш, жамоат транспортидан аравачада фойдаланиб кўриш кифоя.
Уларнинг ҳам ҳуқуқлари тенг деб фақат қоғозда қолиши учун қабул қилинган қонунлар амалда ишламас, имконияти чекланган фуқаролар ҳар ерда сиз ва биз каби тўсиқларсиз ҳаракатланмас экан, мамлакатда ҳамма тенг ҳуқуқли деб баландпарвоз гапларни айтишдан фойда йўқ.
Ирода Мирвоҳидова
LiveБарчаси
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этилди.
03 Декабрь