Гавайидаги ўрмон ёнғини қурбонлари сони 90 кишидан ошди
Олам
−
14 Август 2023
2099АҚШнинг Гавайи штатидаги Мауи оролидаги ўрмон ёнғинларида ҳалок бўлганлар сони 93 кишига етди. Бу ҳақда кеча, 13 август куни матбуот анжуманида штат губернатори Жош Грин маълум қилди.
Губернатор Жош Гринга кўра, ёнғин оқибатида вайрон бўлган тарихий Лахайна шаҳри харобаларини ўрганиш ҳали якунланмагани сабабли қурбонлар сони яна ошиши мумкин. Ёнғин оқибатида шаҳардаги 2200 та бино вайрон бўлган, 850 гектар ер ёниб кетган. Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлик Лахайнани тиклаш 5,5 миллиард долларга тушишини тахмин қилмоқда.
Шунингдек, Жош Грин Мауи оролидаги ўрмон ёнғини АҚШда юз йилдан ортиқ вақт давомида содир бўлган энг ҳалокатлисига айланганини айтган.
Айни пайтда АҚШ расмийлари Мауи оролидаги ўрмон ёнғинининг ҳалокатли оқибатларини бир қатор омиллар билан боғламоқда.
Маълумот учун, йил бошидан бери АҚШ, Туркия, Греция, Италия, Жазоир каби каби мамлакатларда ўрмон ёнғинлари содир бўлди. Италияда ҳавонинг исиши ортидан жанубий оролларда ўрмон ёнғинлари, шимолда эса довуллар юз берди. Жазоирда эса ўрмон ёнғинлари оқибатида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Туркиянинг бир нечта вилоятлари ҳам ўрмон ёнғинлари ичида қолган бўлса, Канадада ўрмон ёнғинлари оқибатида 9 миллион гектар ҳудуд кулга айланди. Олимлар июль ойининг биринчи ўн кунлигида рекорд даражадаги иссиқ ҳафтани қайд этди. Шунингдек, Ўрта ер денгизи сувларининг ҳарорати ҳам рекорд даражада исиди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2023 йилда бутун дунё бўйлаб экстремал об-ҳаво ҳодисалари аввалгига нисбатан кўпроқ содир бўлишидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси