Франция ЕИни Озарбайжонга қарши санкция қўллашга чақирди

Олам

image

Кеча, 17 январь куни Франция Сенати Европа Иттифоқини Озарбайжонга қарши санкциялар жорий этишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Расмий Баку бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермаган.

Француз сенаторлари Бакунинг 2023 йил 19-20 сентябрь кунлари Қорабоғда яшовчи арман аҳолисининг чиқариб юборилишига олиб келган ҳаракатларини қоралаб, бунинг учун Озарбайжон жавобгар бўлиши керак, деб ҳисоблаяпти. 

Бироқ, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев жорий йилнинг 10 январь куни маҳаллий ОАВларга берган интервьюсида Озарбайжон ҳукумати арманларни Қорабоғдан қувмаганини, уларга фуқаролик таклиф қилиб, мамлакатда яшаш учун рухсат берганини айтганди.

Хусусан, резолюция муаллифлари Баку билан ҳамкорлик шартларини қайта кўриб чиқиш ва Европанинг Озарбайжон газига қарамлигини камайтиришга чақирган.

Қарор лойиҳаси учун 336 сенатор овоз берди, фақат биттаси қарши чиққан.

“Қорабоғдаги арман аҳолисининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш Озарбайжон ва Арманистон ўртасида барқарор тинчлик ўрнатишнинг ягона йўлидир. Давлатлар бу ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилишга мажбурдир. Халқаро ҳамжамият Озарбайжондан Қорабоғдаги арман аҳолисининг қайтиш ҳуқуқини, шунингдек, хавфсизлик кафолатларини таъминлаш учун саъй-ҳаракатларни талаб қилиши керак”, дейилади резолюцияда.

Шунингдек, ҳужжатда Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз боради ва Озарбайжон қўшинларини Қорабоғдан олиб чиқиб кетиш талаб этилади.

Қўшимча равишда, резолюция муаллифлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг сиёсий етакчилари ҳибсга олинишини қоралаб, уларни зудлик билан озод этишни талаб қилган.

Франция Сенати резолюциясида Бакуга нисбатан энг қаттиқ чоралар кўриш, жумладан, Озарбайжон мансабдор шахсларининг мол-мулкини мусодара қилиш ҳамда Озарбайжондан газ ва нефть импортига эмбарго жорий этиш зарурлиги қайд этилган.

Ўз навбатида, Арманистоннинг Франциядаги элчихонаси ўзининг Facebook'даги саҳифасида Парижга Ереванни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдириб, Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатлар ҳам Озарбайжонга қарши санкциялар қўллашидан умид қилган.

Қорабоғ можароси

Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғ бўйича ҳудудий баҳс 1980 йилларнинг охиридан бери давом этиб келади. Асосан этник арманлар истиқомат қиладиган Тоғли Қорабоғ автоном вилояти Арманистон кўмагида Озарбайжон ССР таркибидан чиққанлигини эълон қилди ва 1991 йил сентябрда “Тоғли Қорабоғ Республикаси” ташкил этилди.

1988-1994 йиллардаги қуролли можаролар пайтида минтақада 30 минг киши ҳалок бўлган. Тоғли Қорабоғ ва Озарбайжоннинг бир қанча қўшни вилоятлари амалда Арманистон қуролли кучлари назоратига ўтди. Натижада юз минглаб одамлар, асосан, этник озарбайжонлар қочқинга айланди, Хўжали геноциди содир бўлди.

Тоғли Қорабоғ Республикаси БМТнинг ҳеч бир давлати, жумладан Арманистон томонидан расман тан олинмаган. 1920 йилги Париж Тинчлик Конференциясида ҳам Қорабоғ тақдири Озарбайжон фойдасига ҳал қилинган. 1920 йилги “советлаштириш”дан кейин ҳам Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ССР таркибида қолдирилган. Ҳатто, 1923 йилда Тоғли Қорабоғ автоном вилоят деб эълон қилинганида ҳам у Озарбайжон ССР таркибига кирган. 1993 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қорабоғ ҳудудидан арман қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва ҳудудни Озарбайжон таркибига киришини тан олишни талаб қилиб, тўртта резолюция қабул қилди.

2020 йил сентябрь ойи охирида вазиятнинг навбатдаги кескинлашувидан сўнг, Озарбайжон Қорабоғ атрофидаги ҳудудларни ўз назоратига қайтарди ва қадимий ва рамзий аҳамиятга эга Шуша шаҳрини эгаллади. Шуша қўлга киритилганининг эртасига Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Россия Президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёнотни имзолади. Шартнома шартларига кўра, икки томоннинг қўшинлари жойлашган ҳудудлар белгиланган. Алоқа чизиғи бўйлаб Россия тинчликпарвар миссияси жойлашди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.

2023 йил сентябрь ойининг бошида арманлар томонидан, 2020 йилда қабул қилинган шартнома шартларига қарамай Қорабоғда уюштирилган сохта сайловлар ортидан ўша йилнинг 19 сентябрида Озарбайжон Республикаси Қорабоғда “аксилтеррор операциясини” бошлади. Ўз навбатида Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу сайловларни тан олмади. Воқеалар эса ўзини ўзи эълон қилган сохта республика ҳукуматининг таслим бўлиши билан якунланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи санкция Озарбайжон Франция Сенати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг