Тоғли Қорабоғнинг собиқ раҳбари Арутюнян терроризмда айбланиб, қўлга олинди
Олам
−
05 Октябрь 2023
4374Озарбайжон Бош прокуратураси (БП) ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг собиқ раҳбари Араик Арутюнян ҳибсга олинганини маълум қилди. Унга бошқа моддалар қаторида тажовузкор уруш ва террорчилик ташаббуси ҳамда уни амалга ошириш бўйича айблов қўйилган.
“Жорий йилнинг 3 октябрь куни Араик Арутюнян Хонкенди шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди”, дейилади БП хабарида.
Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Арутюнянга нисбатан Озарбайжон Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича айблов эълон қилинган. Бунга “тажовузкор урушни режалаштириш, тайёрлаш, бошлаш ёки олиб бориш”, “қуролли можаролар вақтида халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш”, “қуролли можаро пайтида ҳаракатсизлик ёки жиноий буйруқлар бериш”, “қасддан қотиллик”, “терроризм”, “терроризмни молиялаштириш” ва “терроризм мақсадида машғулотлар ўтказиш” киради.
У шунингдек, “жиноий ҳамжамиятни ташкил этиш” ва “қонунда кўзда тутилмаган қуролли тузилмалар ёки гуруҳлар тузиш”да айбланмоқда.
“Тергов давомида Хонкенди шаҳрида туғилган Арайик Арутюнян тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг “президенти” сифатида Озарбайжон ҳудудида тажовузкор уруш олиб боришда қатнашган, ёлланма аскарларни жалб қилиш, тайёрлаш ва молиялаштириш, шунингдек, улардан ҳарбий можаролар ва ҳарбий ҳаракатларда фойдаланишни ташкил этишда қатнашган, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини бузган, жиноий буйруқлар берган, деган асосли шубҳалар аниқланган”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Арутюнян террор хуружларини амалга ошириш мақсадида Озарбайжон ҳудудларини конларни қазишни ташкил қилиш, шунингдек, 2020 йил октябрь ойида Ганжа шаҳри ва Барда вилоятининг аҳоли пунктларига ракеталардан отилган, кўплаб тинч аҳоли қурбонлари ва фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлишига олиб келган терактларни уюуштиришда гумон қилинмоқда.
“2020 йил 28 октябрда суд қарори билан Арутюнянга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган, у халқаро қидирувга берилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди. Шундан сўнг, Арманистон Қорабоғдаги арманларга нисбатан ирқий камситишлар айблови билан Озарбайжонга қарши Гаага халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритди. Озарбайжон томони мазкур ҳолатга изоҳ бериб, даъвонинг асоссиз ва бемаъни эканини билдирди. 29 сентябрь куни Озарбайжон БМТ миссиясини Қорабоғга таклиф қилди ва БМТ делегацияси тан олинмаган ва тугатилган Тоғли Қорабоғга борди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь