Арманистоннинг янги конституцияси лойиҳаси эълон қилинди. Унда Қорабоғга оид ҳавола йўқ

Олам

−

visibility281 timer2 дақиқа

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг янги Конституцияси лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжат махсус сайтга жойлаштирилган бўлиб, у ерда мамлакатнинг ҳар бир фуқароси лойиҳа матнини ўқиб чиқиши ва ўз таклифларини юбориши мумкин.

Ҳужжатда 1990 йилги Мустақиллик декларациясига ҳавола мавжуд эмас. Ушбу декларация муқаддимасида Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг “Қайта бирлашиш тўғрисида”ги қарори тилга олинган. Мазкур ҳаволанинг чиқариб ташланиши Озарбайжоннинг тинчлик шартномасини тузиш учун қўйган шартларидан бири бўлган.

Конституция лойиҳасини референдумга қўйиш учун Пашинянга овозлар етишмаяпти: ҳукмрон “Фуқаролик шартномаси” партияси парламентдаги 105 ўриндан 64 тасини эгаллаган, референдум ўтказилиши учун эса камида 70 нафар депутат овоз бериши лозим.

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни парламентда сўзга чиққан Пашинян мухолифат депутатларини референдумни зарур даражада қўллаб-қувватлашга чақирди ва агар сайловчилар янги конституцияга қарши овоз берса, бир ҳафта ичида истеъфога чиқишини маълум қилди. Агар ҳужжат қабул қилинса, у 2031 йилда янги муддатга ўз номзодини қўймасликка ваъда берди.

Мухолифат янги конституцияни Озарбайжонга ён босиш деб ҳисоблаб, унга қарши чиқмоқда. Парламентда жами 41 ўринга эга бўлган ҳар икки мухолифат фракцияси – “Кучли Арманистон” ва “Айастан” Пашиняннинг таклифини аллақачон рад этган.

Маълумот учун, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ туфайли юзага келган можаро СССР парчаланган даврдан бери давом этиб келган. 2023 йил сентябрь ойида Озарбайжон минтақа устидан тўлиқ назорат ўрнатди, шундан сўнг ўн минглаб этник арманлар ҳудудни тарк этди. 2024 йил 1 январда тан олинмаган Арцах республикаси (тарихий арманча номи) расман ўз фаолиятини тўхтатди.

2025 йил август ойида Арманистон ва Озарбайжон Вашингтондаги учрашувда тинчлик битимини дастлабки тарзда келишиб олди, бироқ уни имзоламади. Озарбайжон тинчлик тузиш учун иккита шартни илгари сурди: Қорабоғ можаросини тартибга солиш билан шуғулланган ЕХҲТнинг Минск гуруҳини тугатиш ва Арманистон конституциясини ўзгартириш.

Баку Арманистон конституциясидан мамлакат Мустақиллик декларациясига бўлган ҳаволани чиқариб ташлашга эришмоқчи, чунки ундаги таърифларда Тоғли Қорабоғга нисбатан ҳудудий даъволар мавжуд деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг