Озарбайжон Қорабоғда “аксилтеррор операцияси”ни бошлади
Олам
−
19 Сентябрь 2023
6636Озарбайжон армияси Қорабоғда “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Бу ҳақда республика Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“Уч томонлама баёнот қоидаларини таъминлаш, Қорабоғ иқтисодий ҳудудида кенг кўламли провокацияларга барҳам бериш, қуролсизлантириш ва Арманистон Қуролли кучлари қўшинларини ҳудудларимиздан чиқариб юбориш мақсадида минтақада маҳаллий антитеррор чоралари кўрилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланилган тадбирлар доирасида Арманистон Қуролли Кучлари қўшинларининг олдинга ва чуқурликдаги позициялари ҳамда узоқ муддатли ўқ отиш нуқталари, шунингдек, жанговар воситалари ва ҳарбий объектлари яроқсиз ҳолга келтирилган.
“Биз яна бир бор такрорлаймизки, тинч аҳоли ва инфратузилма нишонга олинмайди, фақат қонуний ҳарбий нишонларга ўт очилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Кейинроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон Қуролли кучлари Бакунинг Ағдамдаги позицияларини артиллерия қурилмаларидан ўққа тута бошлаганини маълум қилган. Уларнинг таъкидлашича, Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган ҳудудлардан ўт очилган.
(Тан олинмаган) Тоғли Қорабоғнинг собиқ давлат вазири Рубен Варданян эса минтақа оммавий артиллериядан ўққа тутилганини даъво қилган. Арманистоннинг “Аравот” нашрининг хабар беришича, тан олинмаган республика пойтахти – Степанакерт шаҳрида артиллерия, пулемётлардан ўқ отиш ва дрон парвозлари овози эшитилмоқда. Бошқа бир нашр эса шаҳарда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинганини ёзмоқда.
Жанглар бошланганидан кейин Варданян Арманистон раҳбариятини Тоғли Қорабоғни тан олишга ва унинг фуқароларини ҳимоя қилишга қўшилишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 сентябрга ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкга қарши мина портлаб кетиши ортидан бир неча озарбайжонлик ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь