Қорабоғда мина портлади. Қурбонлар бор
Олам
−
19 Сентябрь 2023
5584Бугун, 19 сентябрга ўтар кечаси Қорабоғда ноқонуний қуролли гуруҳлар аъзолари томонидан ўрнатилган мина бир неча озарбайжонликларнинг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
“Хўжаванд тумани ҳудудидан ўтувчи Аҳмадбейли-Фузулий-Шуша йўлининг 58-километрида Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкга қарши мина томонидан автомобиль йўллари давлат агентлиги (“Азеравтойўл”) юк машинаси портлатиб юборилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида “Азеравтойўл” агентлигининг икки ходими –Самир Содихов (1970 йилда туғилган) ва Фарҳод Гулиев (1965 йилда туғилган) ҳалок бўлган.
Шундан сўнг, Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги ходимлари “КамАЗ” автомашинасида воқеа жойига йўл олган. Бироқ улар Хўжаванд тумани ҳудудидан ўтаётганда Тагавард қишлоғида янги қурилган туннелда арман диверсант гуруҳи томонидан ўрнатилган мина портлаган. Оқибатда Ички ишлар вазирлиги ходимлари Асим Жамолзода (1994 йилда туғилган), Рамил Ширинов (1987 йилда туғилган), Сеймур Маҳмудов (1991 йилда туғилган) ва Хазар Заманов (1998 йилда туғилган) ҳалок бўлган. Яна беш киши жароҳат олиб, шифохонага етказилган.
Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати Бош тергов бошқармасида мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон томонидан мамлакат ҳудудларининг навбатдаги ўққа тутилиши ҳақида хабар берган.
“Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудида ноқонуний арман қуролли гуруҳлари аъзолари Озарбайжон армиясининг Ағдам йўналишидаги позицияларини ўққа тутди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Аниқлик киритилишича, Озарбайжон армияси бўлинмалари кўрсатилган йўналиш бўйича жавоб чораларини кўрган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон қўшинларини Арманистон билан чегарада жамлаганини иддао қилганди. Озарбайжон томони эса буни рад этиб, аксинча, Арманистон ўз қўшинларини Озарбайжон билан чегара яқинига тўплаётганини даъво қилганди. 11 сентябрда Арманистон АҚШ тинчликпарвар кучлари билан “Eagle Partner 2023” қўшма машғулотларини бошлади. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қорабоғ масаласи бўйича тўрт томонлама учрашув ўтказишни таклиф қилган бўлса, Никол Пашинян йил охиригача Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши мумкинлиги, Ереван бунинг учун барча зарур чораларни кўраётганини айтди.
Маълумот учун, Арманистон қарийб 30 йил давомида Қорабоғ минтақасини миналарга тўлдириб ташлаган ва 2020 йилдаги 44 кунлик урушда мағлуб бўлган бўлса-да ҳамон халқаро талабларни бажармай, Озарбайжон томонига миналанган ҳудудлар харитасини бермай келмоқда. Ушбу ҳудудларда эса ўтган икки йил ичида кўплаб ҳарбийлар ва журналистлар ҳалок бўлган.
LiveБарчаси