Арманистон ўз ҳудудида АҚШ билан қўшма ҳарбий машғулот бошлади
Олам
−
11 Сентябрь 2023
4827Бугун, 11 сентябрь куни Арманистон АҚШ тинчликпарвар кучлари билан “Eagle Partner 2023” қўшма машғулотларини бошлади. Бу ҳақда АҚШ армиясининг Европа ва Африкадаги қўмондонлиги вакили маълум қилди.
"Eagle Partner машғулотларининг очилиш маросими бўлиб ўтди”, деган АҚШ вакили.
АҚШ армиясининг исмини ошкор этмаган расмийсига кўра, маросим Ереван яқинидаги Зар ўқув марказида бўлиб ўтган. Машқларда 85 нафар америкалик, 175 нафар арманистонлик ҳарбий хизматчилар қатнашмоқда.
Арманистон Мудофаа вазирлиги мазкур қўшма ҳарбий машғулотлар 20 сентябргача давом этишини маълум қилган.
АҚШ армиясининг Европа ва Африкадаги қўмондонлиги машғулотлари ҳар икки давлатга “тактик даражадаги муносабатларни ўрнатиш” ва тинчликпарвар операциялар учун бўлинмаларнинг “ўзаро мувофиқлигини” ошириш имконини беришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон қўшинларини Арманистон билан чегарада жамлаганини иддао қилганди. Озарбайжон томони эса буни рад этиб, аксинча Арманистон ўз қўшинларини Озарбайжон билан чегара яқинига тўплаётганини даъво қилганди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Арманистон ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий машғулотлар минтақадаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бермаслигини айтганди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Нью-Деҳлида бўлиб ўтган G20 саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Россия Арманистон раҳбариятининг АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказиш ниятидан афсусда эканини билдирганди.
LiveБарчаси