Эрдўған Қорабоғ бўйича тўрт томонлама учрашув ўтказишни таклиф қилди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қорабоғ масаласи бўйича тўрт томонлама учрашув ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у кеча, 16 сентябрь куни Нью-Йоркка жўнаб кетиши олдидан Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Ҳа, бизнинг устувор вазифаларимиз, аввалроқ режалаштирилганидек, уч томонлама музокаралар олиб боришдир. Лекин биз тўрт томонлама форматда учрашишни ҳам таклиф қилдик. Яъни, бу мен,Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян. Мен учрашиб, биргаликда олиб борилиши керак бўлган қадамларни муҳокама қилайлик, дедим. Ҳозирда бу таклифга на салбий, на ижобий жавоб олганимиз йўқ”, деган Туркия етакчиси.

Унинг таъкидлашича, тўрт томонлама учрашув ташаббуси музокараларни Қорабоғ мавзусига алоқадор бўлмаган томонлар эмас, балки муаммо билан боғлиқ бўлган давлатлар раҳбарлари олиб боришини таъминлашга қаратилган. 

"Мен Алиев билан бу масалани яна муҳокама қиламан. Биз аниқ жиҳатлар устида ишлаймиз ва воқеалар ривожини диққат билан кузатиб борамиз", дейди Эрдўған.

Шу ўринда, қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 12 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин мазкур масалага эътибор қаратиб, Арманистон раҳбарияти ҳақиқатда Озарбайжоннинг Қорабоғдаги суверенитетини тан олганини ва Прагадаги баёнотида буни қоғозга туширганини айтган. 

“Шу нуқтаи назардан, гуманитар компонент ва Россия тинчликпарвар кучларининг минтақада қолиш мандати билан боғлиқ саволлар туғилади”, деган Путин.

Маълумот учун, 2020 йил 27 сентябрда Қорабоғда вазият кескинлашиб, фаол жанглар бошланган. 2020 йил 9 ноябрь куни Путин, Алиев ва Пашинян (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Ҳужжатга кўра, Озарбайжон ва Арманистон томонлари ўз ишғол қилган позицияларида тўхтаган, бир қатор ҳудудлар Баку назоратига ўтган, Россия тинчликпарвар кучлари эса алоқа линияси бўйлаб ва Лочин йўлагида жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон қўшинларини Арманистон билан чегарада жамлаганини иддао қилганди. Озарбайжон томони эса буни рад этиб, аксинча Арманистон ўз қўшинларини Озарбайжон билан чегара яқинига тўплаётганини даъво қилганди. 11 сентябрь куни Арманистон АҚШ тинчликпарвар кучлари билан “Eagle Partner 2023” қўшма машғулотларини бошлаган. Кеча, 16 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги республика армиясининг Арманистон билан чегарадаги позициялари ўққа тутилганини маълум қилганди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған Қорабоғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made