30 йилдан сўнг БМТ миссияси тугатилган Тоғли Қорабоғга борди
Олам
−
01 Октябрь 2023
5762БМТ миссияси тан олинмаган ва тугатилган Тоғли Қорабоғга борди. Бу ҳақда APA хабар берди.
Қайд этилишича, миссиянинг мақсади – жойлардаги вазият билан танишиш ва аҳолининг гуманитар эҳтиёжларини аниқлаш. Миссия таркибига БМТнинг турли агентликлари вакиллари киради.
“БМТ миссияси Тоғли Қорабоғга (Степанакерт) жўнаб кетди. Эслатиб ўтамиз, БМТ миссияси охирги марта Қорабоғга тахминан 30 йил аввал ташриф буюрган”, дейилади агентлик хабарида.
Шу йилнинг 29 сентябрь куни Озарбайжон БМТ миссиясини тан олинмаган Тоғли Қорабоғга ташриф буюришга таклиф қилган.
“У ерда жамоа вазиятни жойида баҳолаб, қолган ва кетаётган одамларнинг инсонпарварлик эҳтиёжларини аниқлашга ҳаракат қилади. Асосий эътибор гуманитар масалаларга қаратилади”, дейди БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса яқин кунларда Тоғли Қорабоғда бирорта ҳам арман аҳолиси қолмаслиги, Озарбайжон у ерда этник тозалаш олиб бораётганини иддао қилиб чиққан. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги эса жазавага тушаётган Пашиняннинг айбловларини рад этди.
LiveБарчаси