Арманистон судьялар иттифоқи янги конституция лойиҳасини танқид қилди
Олам
−
825 3 дақиқа
Арманистон судьялар иттифоқи янги конституция лойиҳасининг мамлакат суд тизимига оид қоидалари танқид остига олинган баёнот билан чиқди. Баёнот иттифоқнинг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
“Лойиҳанинг 85-моддаси билан барча амалдаги судьяларнинг мақоми “судья вазифасини вақтинча бажарувчи”га алмаштирилади, лавозимда қолиш эса сиёсий органлар томонидан сайланадиган шахслар томонидан беш йил давомида ўтказиладиган қайта баҳолаш натижаларига боғлиқ қилиб қўйилади. Қайта баҳолаш комиссиясининг барча аъзолари парламент томонидан сайланади, комиссия хулосалари эса бевосита суд тартибида қайта кўриб чиқилмайди. Таъкидлаш жоизки, кейинчалик шикоят қилишнинг ҳар қандай механизми, шу жумладан Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти ҳам бундай механизм томонидан судьяларнинг алмаштирилмаслиги ва мустақиллигининг фундаментал кафолатларига солинадиган таҳдидни ҳеч қандай тарзда нейтраллаштира олмайди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Олий суд кенгашининг барча 10 нафар аъзосини сайлаш парламентга юклатилган, Судьялар умумий йиғилиши зиммасида эса фақат судьяликка аъзо номзодларни кўрсатиш ваколати қолмоқда. Судьялар иттифоқининг таъкидлашича, судьялар мустақиллигига нафақат бундай қоидаларнинг қабул қилиниши эҳтимоли, балки амалдаги судьяларнинг алмаштирилмаслиги ва ўз лавозимида узлуксиз фаолият юритиши кафолатларини шубҳа остига қўювчи ташаббусларнинг олий давлат даражасида илгари сурилиши ҳам хавф туғдиради.
“Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳеч қандай мақсади амалдаги судьяларни ялпи қайта баҳолашни, уларнинг лавозимда қолиши бўйича конституциявий кафолатларни бекор қилишни оқлай олмайди. Халқаро тажриба ҳам буни тасдиқлайди. Судьяларнинг алмаштирилмаслиги ва суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий кафолатлари сиёсий мақсадга мувофиқликка бўйсундирилиши мумкин эмас, уларнинг чекланиши эса конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати билан оқланмайди”, дейилади баёнотда.
Иттифоқ судлар ва судьялар мустақиллигининг конституциявий кафолати сифатида Олий суд кенгашини мазкур қоидаларга йўл қўйиб бўлмаслигини оммавий равишда эълон қилишга, уларни олиб ташлашни талаб қилишга ва амалдаги судьяларнинг ўз лавозимида узлуксиз қолиш кафолатларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга чақиради. Шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар суд ҳокимияти мустақиллигига таҳдид солувчи ушбу ташаббусга эътибор қаратиши кутилмоқда.
Лойиҳани ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнида суд ҳокимияти вакиллари тегишли тарзда иштирок этмагани, бу жараёнда бирорта ҳам судья қатнашмагани алоҳида таъкидланган.
Янги конституция
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Арманистон ҳукумати мамлакатнинг янги конституцияси лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжатда Тоғли Қорабоғ ва Усмонли империясидаги арманлар геноцидининг халқаро миқёсда тан олиниши ҳақидаги эслатмаларни ўз ичига олган Мустақиллик декларацияси келтирилган дахлсиз муқаддима мавжуд эмас. Бундан ташқари, давлат ва Арман апостол черкови (ААЧ) ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи модда ҳам ўзгартирилган. Ҳужжатда мамлакатдаги сиёсий кучлар фаолияти, фуқароликдан маҳрум қилиш имконияти ва бошқа масалалар билан боғлиқ жиддий ўзгаришлар ўрин олган.
Мамлакат Бош вазири Никол Пашинян матн эълон қилинганидан сўнг фуқароларга йўллаган мурожаатида ўзгаришлар юзасидан аввал айтган фикрларини яна бир бор такрорлаб, Мустақиллик декларацияси “низоли хусусиятга” эга бўлгани сабабли янги матндан чиқариб ташланганини маълум қилди. У, шунингдек, мухолифатга ҳужжатни плебисцитга (умумхалқ овоз беришига) қўйишда ҳукуматга кўмаклашишни яна бир бор таклиф қилиб, агар халқ референдумда янги конституцияни рад этса “кетишини”, ёки фуқаролар янги асосий қонунни маъқулласа, кейинги сайловларда Бош вазир лавозимига даъвогарлик қилишдан воз кечишини ваъда қилди.
Live
Барчаси