“Маккор Арманистон”. Баку Гаага судига киритилган шармандали даъвога жавоб қилди

Олам

image

Хабарингиз бор, Арманистон Қорабоғдаги арманларга нисбатан ирқий камситишлар айблови билан Озарбайжонга қарши Гаага халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритганди. Озарбайжон томони мазкур ҳолатга изоҳ бериб, даъвонинг асоссиз ва бемаъни эканини билдирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот котиби Ойхан Ҳожизода баёнот берди.

“Арманистон томонидан ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияни Озарбайжонга нисбатан қўллаш бўйича 29 сентябрь куни Халқаро судга тақдим этилган вақтинчалик чораларни белгилаш ҳақидаги яна бир даъво мутлақо асоссиз ва бемаъни”, дейи Ҳожизода.

Унинг айтишича, бу даъво мазкур иш бўйича Халқаро суднинг аввалги қарорини эътиборсиз қолдириб, озарбайжонларга қарши ирқий адоват қўзғаш ва тарғиб қилишга қаратилган.

Ҳожизоданинг қўшимча қилишича, Арманистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига тажовуз қилиш ҳаракатларидан воз кечмаяпти.

“Арманистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши мисолида бўлгани каби Халқаро Суддан ўзининг маккор сиёсий дастурини амалга ошириш учун фойдаланмоқда. Жорий йилнинг ўзида Арманистон Халқаро судга уч марта мурожаат қилган. Январь ойида Арманистон томонидан берилган учта аризадан иккитаси рад этилган, биттаси чекланган шаклда қаноатлантирилган, май ойида берилган аризалар эса июль ойида судьялар томонидан бир овоздан рад этилган”, дея таъкидлайди ТИВ вакили.

Унинг қайд этишича, Озарбайжон томони судга Арманистоннинг янги асоссиз даъволарига ишончли жавоблар билан позицияни тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Арманистон БМТдан Қорабоғдаги гуманитар вазият юзасидан Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиришни илтимос қилганди. АҚШ раислик қилган БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши 16 август куни бўлиб ўтди. Бироқ йиғилиш сўнгида ҳеч қандай резолюция ёки қўшма декларация қабул қилинмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон Қорабоғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг