Арманистон илтимоси билан чақирилган БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши қандай ўтди?

Олам

image

Кеча, 16 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида Лочин йўлагининг ёпилиши билан боғлиқ вазият муҳокама қилинди. Бу ҳақда БМТ расмий сайтида хабар қилинди.

Йиғилиш Арманистон ташаббуси билан чақирилган эди. Унда қатнашган Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян минтақадаги фалокатнинг олдини олиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий масъулияти эканини айтган.

“Арманистон гуманитар карвон юборди, у ҳамон Лочин йўлагига кираверишда қолмоқда, чунки Озарбайжон томони уни Қорабоққа етказишга тўсқинлик қилмоқда”, деган вазир.

Ўз навбатида, Озарбайжоннинг БМТдаги вакили Яшар Алиев Мирзояннинг сўзларини асоссиз ва исботсиз айбловлар деб баҳолади. Шунингдек, У, Ереванни жамоатчилик фикрини манипуляция қилишга уринишда айблади.

“Арманистон гуманитар масала сифатида кўрсатмоқчи бўлаётган нарса аслида Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказиш мақсадида олиб борилаётган провокацион ва масъулиятсиз сиёсий кампаниядир”, деган Алиев.

Кейинчалик Яшар Алиевнинг бу фикрини туркиялик мавқедоши Седат Ўнал ҳам қўллаб-қувватлаган.

“Туркия минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликдан бевосита манфаатдор давлат, шунингдек, ташаббусларнинг фаол иштирокчиси сифатида Арманистоннинг халқаро платформалардан сиёсий айбловлар, жумладан, Лочин йўлаги мавзусида фойдаланишга уринишидан жиддий хавотирда”, деган Седат Ўнал.

Шунингдек, Албания ва Бразилия вакиллари ҳам ҳеч бўлмаганда Озарбайжонни ҳам эшитишга чақирган. Дипломатлар БМТдаги ҳамкасбларига Хонкенди-Агдам йўли очиқ эканини эслатган. Бу билан улар Арманистонга агар Ереванда “инсонпарварлик эҳтиёжлари” бўлса, Озарбайжон таклиф қилган йўлни танлаши кераклигига шама қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) эса Лочин йўлагини ўз ичига олган маршрутлар бўйлаб одамлар ва юкларнинг ҳаракатланиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълумотга эга эканини билдирди. Шунингдек, OCHA расмий вакили Эдем Восорну Россия тинчликпарвар кучлари жойлашган ҳудудларда озиқ-овқат ва дори-дармон танқислиги, электр таъминотидаги узилишлардан ҳам хабардорлигини айтди. 

Унинг таъкидлашича, OCHA ҳозирда бу маълумотни мустақил равишда текшириш имкониятига эга эмас. Бироқ, бошқарма ушбу ҳудудларга кириш ҳуқуқига эга ягона халқаро гуманитар ташкилот – Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) вакиллари билан доимий алоқада.

“Тиббий эвакуация давом этаётганига қарамай, ХҚХҚ 7 июлдан буён ҳудудга тиббий буюмлар етказиб бера олмади, озиқ-овқат етказиб бериш эса 14 июнь куни тўхтатилди. ХҚХҚ асосий озиқ-овқат ва ҳаётни сақлаб қоладиган дори-дармонларнинг ташвишга соладиган даражада етишмовчилигига эътибор қаратади”, деган Восорну.

Восорну томонларнинг инсонпарварлик саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмаслик ва сиёсийлаштирмаслик мажбурияти борлигини таъкидлаган.

Йиғилишда қатнашган Россиянинг БМТдаги вакили эса можарога фақат Арманистон ва Озарбайжонгина ечим топа олиши, ташқаридан ўрнатилган ҳеч қандай схема ва ечим уларнинг ўзаро мулоқоти ўрнини боса олмаслигини айтган.

“Умид қиламизки, жараённинг барча иштирокчилари Қорабоғнинг ўн минглаб аҳолисининг оғир аҳволини енгиллаштириш мақсадида келишмовчиликларни бартараф этиш учун сиёсий ирода топади”, деган Россия Федерациясининг БМТдаги вакили ўринбосари Дмитрий Полянский.

АҚШ эса Озарбайжонни Лочин йўлагидаги қатновни тиклашга чақирган.

“Қўшма Штатлар Қорабоғдаги гуманитар вазиятдан ва Лочин йўлагининг ёпилиши, зарурий товарларга йўл қўйилмаслиги ва гуманитар вазиятнинг кескинлашувидан жуда хавотирда. Биз Озарбайжон ҳукуматини тижорат, гуманитар ва шахсий транспорт воситалари Қорабоғ аҳолисига етиб бориши учун йўлак бўйлаб эркин ҳаракатланишни тиклашга чақирамиз”, деган АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд. 

БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги муҳокамадан сўнг ҳеч қандай резолюция ёки қўшма декларация қабул қилинмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Туркия Озарбайжон БМТ Арманистон Хавфсизлик Кенгаши Қорабоғ Лочин йўлаги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг