Хоманаий Асад режимининг ағдарилишида АҚШ ва Исроилни айблади
Олам
−
11 Декабрь
1451Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ ва Исроилни Суриянинг собиқ президенти Башар Асаднинг ҳокимиятдан ағдарилишини уюштирганликда айблади. Бу ҳақда IRNA хабар берди.
“Шубҳасиз, Сурияда содир бўлган воқеа Америка ва сионистларнинг қўшма фитнаси оқибати бўлган”, дейди Хоманаий.
Қайд этилишича, Хоманаий Асаднинг ҳокимиятдан ағдарилишида Сурияга “қўшни” давлатнинг ҳам қўли борлигига ишора қилган. Аммо у мазкур “қўшни” мамлакат номини ошкор қилмаган.
У, шунингдек, Эрон разведкаси сўнгги уч ой давомида Сурия ҳукуматини беқарорлик ҳақида огоҳлантирганини, аммо Дамашқ душманни эътиборсиз қолдирганини таъкидлаган ва Суриядаги воқеалар Эроннинг кучини пасайтирмаслигини, мамлакат заифлашиши ҳақидаги тахминлар хато эканини маълум қилган.
“Сиз қанчалик кўп босим ўтказсангиз, у шунчалик кучли бўлади, қанчалик кўп жиноят содир этсангиз, шунчалик мотивация бўлади, улар билан қанчалик кўп курашсангиз, у шунчалик кенгаяди”, дейди Хоманаий.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Сурия халқи ўз мамлакатининг келажагини чет эл аралашувисиз ҳал қилиши кераклигини билдириб, Эрон Сурия бирлиги, миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши, мамлакат келажаги ҳақидаги қарорларни ҳеч қандай бузғунчи аралашув ёки ташқи мажбурловсиз Сурия халқининг ўзи қабул қилиши кераклигини таъкидлаганди.
Диёржон Қувондиқов
LiveБарчаси