Арманистон Гаага судига Озарбайжонга қарши даъво киритди
Олам
−
30 Сентябрь 2023
4249Ереван тан олинмаган Тоғли Қорабоғдаги арманларга нисбатан ирқий камситишлар айблови билан Озарбайжонга қарши Гаага халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритди. Бу ҳақда суд сайтидаги пресс-релизда айтилган.
Мурожаатга кўра, Озарбайжондан фуқаролик объектларидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш, газ ва электр таъминотини тиклаш ҳамда Қизил Хочнинг минтақадаги ишига аралашмаслик талаб қилинмоқда.
Арманистон шунингдек, БМТ судидан Бакуга “Тоғли Қорабоғдаги арманларни сиқиб чиқаришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан воз кечиш” мажбуриятини юклашни сўрамоқда.
Ереван Бакунинг “Тоғли Қорабоғнинг амалдаги ёки собиқ сиёсий вакиллари ёки ҳарбий хизматчиларига нисбатан жазо чораларини қўллаши”дан хавотирда.
Даъвогарларнинг фикрича, Халқаро суд Озарбайжонга минтақадаги арман маданий мероси обидаларини, жумладан, 1915 йилда Усмонли империясида (Арманистон иддаосича) арман геноциди қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорликларни бузиш ёки ўзгартиришни тақиқлаши керак.
Аризада Баку ҳужжат БМТ судига топширилган кундан бошлаб, бир ой ичида уни бажариш чоралари тўғрисида ҳисобот бериши, сўнгра иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар, ҳар уч ойда судни хабардор қилиши шартлиги ҳам кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғда вазиятнинг яна кескинлашуви юз берди. Баку "маҳаллий аксилтеррор чоралари" бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. Россия можаро томонларини қон тўкилишини тўхтатиб, дипломатик келишувга қайтишга чақирди. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингенти иштирокида Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.
Акобир Сайидов