НАТО Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда
Олам
−
27 Сентябрь 2020
8760Шимолий Атлантика алянси Тоғли Қорабоғдаги вазиятдан қаттиқ хавотирда ва можаро томонларини ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқда. Бу ҳақда НАТО Бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказдаги махсус вакили Жеймс Аппатурайнинг баёнотида айтилган.
"НАТО Тоғли Қорабоғ можаро зонасидаги алоқа чизиғи бўйлаб кенг миқёсли ҳарбий ҳаракатлар тўғрисида хабарлардан жуда хавотирда. Томонлар зудлик билан тинчлик аҳолининг қурбон бўлишига олиб келган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши керак”, дейилади баёнотда
Баёнотда "ушбу можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқлиги" таъкидланган.
"Томонлар тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокараларни қайта бошлашлари керак. НАТО ЭХҲТ Минск гуруҳининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди", дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Эрон ҳам Баку ва Ереванни ўт очишни тўхтатишга чақирди. Бундан аввал Россия ҳам икки мамлакатдан қуролли тўқнашувларни тўхтатишни сўраган эди. Туркия эса, аксинча, бу тўқнашувда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Арманистонни провакацияда, Минск гуруҳини эса 30 йилдан бери бу масалага кўз юмиб келишда айблади.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари бугун, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.
Эслатиб ўтамиз, бугуннинг ўзида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, зудлик билан сулҳ тузишни таклиф қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь