Лавров хавотирда! У уч мамлакат ташқи идоралари раҳбарларига қўнғироқ қилди
Олам
−
27 Сентябрь 2020
16417Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон қуролли кучлари ўртасида бошланган тўқнашувлар сабаб икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан мулоқот қилди. Лавров энг аввало арман тарафига қўнғироқ қилган.
Лавров Арманистон Ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян ва Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов билан мулоқотда алоқа линиясида давом этаётган кенг миқёсли жанговар ҳаракатлар, қурбонлар ва ярадорлар тўғрисида келаётган маълумотлардан жиддий хавотирда эканини билдирган.
У зудлик билан сулҳ тузиш зарурлиги таъкидлаган.
Қайд этилишича, Россия ЭХҲТ Минск гуруҳининг бошқа ҳамраислари билан биргаликда вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган воситачилик ҳаракатларини давом эттиради.
Лавров мулоқотни Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Мавлуд Човушўғлу билан давом эттирган. Россия ТИВ икки мамлакат ташқи идоралари раҳбарларининг суҳбатини фақат умумий маънода ёритган. Суҳбат мазмунидан ташқари унинг деталлари, Туркия томонининг қарашлари очиқланмаган.
Туркия расмиятчилиги, жумладан Президент Эрдўған ва Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можарода Озарбайжонни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашини айтиб чиққанди.
“Озарбайжонга қарши ҳужумларига янгисини қўшган Арманистон, минтақадаги тинчлик ва осойишталик учун энг катта таҳдид эканлигини яна бир бор намойиш этди”, деган эди Эрдўған.
У Минск гуруҳини қарийб 30 йилдан буён Тоғли Қорабоғ можаросига кўз юмиб келаётганликда айблаганди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари бугун, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.
LiveБарчаси