Расман: Баку Ереванга қарши қуролли жавоб ҳужумини бошлади

Олам 11597
image

Озарбайжон расман Арманистонга қарши қуроли ҳужумларни бошлади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги сайтида хабар қилинди. 

“Арманистон қуролли кучларининг жанговар фаолиятини бостириш ва тинч аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун Озарбайжон армияси қўмондонлиги бутун фронт бўйлаб қўшинларимизнинг қарши ҳужум операциясини бошлашга қарор қилди”, дейилади расмий баёнотда.

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 27 сентябрь куни икки мамлакат ўртасидаги совуқ муносабатлар қуролли тўқнашувларга йўл очди. Баку вақти билан соат 06:00 да Арманистон ва Озарбайжон ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Бакуга кўра, Еревен Озарбайжон армиясининг бутун фронт чизиғи бўйлаб позицияларини ва фронтал зонада жойлашган турар-жойларни йирик калибрли қуроллардан, миномётлардан ва турли калибрли артиллерия иншоотларидан интенсив ўққа тутган. Ереван эса қуролли ҳужум Озарбайжон тарафидан бошланганини айтмоқда. 

Озарбайжон Мудофаа вазирлигига кўра, шахсий ва танк бўлинмалари ракета ва артиллерия кучлари, олдинги йўналишдаги авиация ва учувчисиз учиш ҳаво воситалари бўлинмаларининг қўллаб-қувватлаши билан Арманистон қуролли кучларининг кўп сонли ишчи кучи,ҳарбий буюмлари ва ҳарбий техникасини топиб, душман мудофааси чуқурлигида жойлашганлигини аниқлаганлар ва уларни йўқ қилинган. 

Маълумотларга кўра, Арманистон ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларининг OSA зенит-ракета тизимларининг 12 та бўлинмаси турли йўналишларда йўқ қилинган. 

Шунингдек, Арманистон ҳарбийлари томонидан Озарбайжон ҳарбий-ҳаво кучларининг жанговар вертолёти Тертер йўналишида уриб туширилган. Экипаж аъзолари тирик. 

“Бизнинг қўшинларимиз яшин тезлигида қарши ҳужум операцияси давом этмоқда”, дейилади расмий Баку баёнотида. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг етмиш ебшинчи сессиясида чиқиш қилган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Арманистон халқаро ҳужжатларга ид равишда ўт очиш сулҳини кескин бузиб келаётгани, таҳдид қилаётганини айтиб, Ереван Бакуга уруш очиш тараддудида турганини очиқлаганди. Бунга жавобан 25 сентябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян чиқиш қилиб, Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди бўйича бир тарафлама музокара ва муроса тарафдори бўлаётгани, бироқ бу Ереваннинг манфаатларига мос эмаслиги, Озарбайжоннинг талаби билан ҳаммасини бошидан бошлаш эсан, янги уруш очишга сабаб бўлишини айтганди

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 23 июль куни Никол Пашинян Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги сўнгги кескинлик ва Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал этиш жараёни борасида Арманистоннинг позициясини тақдим этган. Арманистон ҳукумати раҳбари икки республикаси чегарасида июль ойида бўлиб ўтган қуролли тўқнашув пайтида кескинликни пасайтирмасликка, балки бундан ҳам кўпроқ зўравонлик қўзғатишга ҳаракат қилган ягона мамлакат Туркия эканлигини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12-16 июль кунлари икки мамлакат ўртасидаги вазият янада кескинлашди. Озарбайжонда Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга ўтгани айтилди. Расмий Ереван ҳам қуролли тўқнашувга озарбайжонлик аскарлар ҳужумга ўтганини сабаб қилиб кўрсатди. Расмий Баку 11 нафар ҳарбий жумладан генерал-майор Пўлат Гашимов ҳам ҳалок бўлганини билдирди. Ереван эса 4 қурбон ва 10 ярали ҳақида маълумот берди.

Қайд этиш керакки, Арманистон ва Озарбайжоннинг ҳудудий муаммоси сўнгги 30 йилдан бери давом этяпти. Бунинг сабаби Арманистоннинг Озарбайжонга тегишли бўлган Тоғли Қорабоғни эгаллаб олишидир. Халқаро ҳамжамиятнинг эътирозларига қарамай, Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга қайтармай келади.

Вазият шу даражадаки, агарда икки томон ҳам тинчланмаса давлатлар ўртасида уруш бошланиши эҳтимоли юқори. 

Яқинда Ереван ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун Россия билан ҳамкорликни кучайтирди. Россиядан бир неча самолётда Арманистонга қурол-аслаҳалар юборилди. Шу боис Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Путинга қўнғироқ қилиб, Россиянинг бу борадаги “ғамхўрлигига” ўз эътирозини билдирди. Бунинг ортидан Озарбайжон Туркия ҳам билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга киришди. Икки мамлакат ҳарбийлари иштирокида қўшма машқлар ўтказилди. Туркия ҳар қандай вазиятда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини билдирди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 297
Рейтинг: 3
t
×