Алиев Арманистонга қурол етказиб берилаётганидан хавотирда. У Путинга ҳасрат қилди
Олам
−
13 Август 2020
11111Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Россиядан Арманистонга қурол-яроқ етказиб берилаётгандан хавотирда. У бугун, 13 август куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, шу масалани кўндаланг қўйган. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Илҳом Алиев суҳбат аввалида Владимир Путинга жорий йилнинг 12-16 июль кунлари Товуз райони йўналишида Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасида келиб чиққан фитна ҳақида ахборот берган. Президент қуролли тўқнашув натижасида Озарбайжон Республикаси Қуролли кучларининг ҳарбий хизматчилари ва бир нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлганини таъкидлаган. Президент Илҳом Алиев Арманистон қуролли кучлари чегарадош қишлоқлар ва аҳоли пунктларини артиллерия билан ўққа тутиши натижасида кўплаб уйлар вайрон бўлгани ва фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганини айтган.
Президент Илҳом Алиев Арманистонга қилинган ушбу ҳарбий ҳужумнинг асосий мақсади Арманистон-Озарбайжон можаросига учинчи томонларни жалб қилиш эканлигини айтган.
Давлат раҳбари Россия Президентига Арманистон-Озарбайжон чегарасида тўқнашувлар тугаганидан кейин – 17 июлдан ҳозирги кунгача Россиядан Арманистонга ҳарбий юкларни етказиб беришнинг кучайиши Озарбайжон жамоатчилигини ташвишга солаётгани ва жиддий саволларни келтириб чиқараётганини билдирган.
Президент Илҳом Алиев Арманистон-Озарбайжон чегарасида юз берган тўқнашувлардан сўнг дарҳол Қозоғистон, Туркманистон ва Эрон Ислом Республикаси ҳаво бўшлиғидан фойдаланган ҳолда Россиядан Арманистонга олиб ўтилган ҳарбий юкларнинг ҳажми бугунги кунгача 400 тоннадан ошганини таъкидлади. Телефон қўнғироғидан асосий мақсади масалани ойдинлаштириш эканлигини очиқлади.
Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот ҳақидаги хабарда Путиннинг Алиевга қандай жавоб билан юзлангани ҳақида маълумот берилмаган.
“Телефон орқали суҳбат давомида мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди ва барча соҳаларда Озарбайжон-Россия ҳамкорлигини янада кучайтиришга келишиб олинди.
Президент Илҳом Алийев Владимир Путинни COVID-19 вакцинасини Россияда рўйхатдан ўтгани билан табриклади”, дейилади хабар сўнгида.
Маълумот учун, икки давлат чегарасидаги вазият 12 июль куни кескинлашди. Озарбайжонда Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга ўтгани айтилди. Расмий Ереван ҳам озарбайжонлик аскарлар ҳужумга ўтганини сабаб қилиб кўрсатди. Ҳозиргача расмий Баку 12 нафар ҳарбий жумладан генерал-майор Пўлат Гашимов ҳам ҳалок бўлганини билдирди. Ереван эса 4 қурбон ва 10 жароҳатланган аскар ҳақида маълумот берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь