Озарбайжон-Арманистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди. Қурбонлар бор
Олам
−
13 Июль 2020
11205Кеча, 12 июль куни Озарбайжон ва Арманистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди. Ҳозиргача 3 нафар озарий ҳарбий ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Икки давлат ҳарбийлари Товуз туманида тўқнашган. Расмий Баку Ереван ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини ва Озарбайжон ҳарбийларига ўқ узганини маълум қилди. Икки томонда ҳам қурбонлар бўлгани айтилди.
Ўз навбатида, Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳарбийлари юк машинасида давлат чегарасини кесиб ўтиб, Тавуш қишлоғи томонга ўтишга урингани ҳақида бонг урди.
“Огоҳлантиришдан кейин Озарбайжон ҳарбийлари автомобилни ташлаб, яширинган, аммо бир соат ўтиб, артиллериядан ўққа тутиш бошланди ва бизнинг мудофаа пунктимизни қўлга олишга уринишган. Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга жавоб қайтариб, уни бартараф этдилар”, дейилади Арманистон томони баёнотида.
Шунингдек, расмий Ереван ҳужумда улардан ҳеч ким жароҳатланмаганини маълум қилди.
Қайд этиш керакки, Арманистон ва Озарбайжоннинг ҳудудий муаммоси сўнгги 30 йилдан бери давом этяпти. Бунинг сабаби Арманистоннинг Озарбайжонга тегишли бўлган Тоғли Қорабоғни эгаллаб олишидир. Халқаро ҳамжамиятнинг эътирозларига қарамай Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга қайтармай келади.
LiveБарчаси