Пашинян Алиевга: “Эски муаммоларни кўзғаш, янги можарони бошлаш демакдир”
Олам
−
26 Сентябрь 2020
8588Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ муаммоси билан боғлиқ 30 йиллик можаролар кескин тус олмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида чиқиш қилган Президент Илҳом Алиев Арманистонни Бакуга уруш очишга тайёргарлик кўраётганида айблаган эди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса буни рад этмоқда. Расмий Ереван Бакунинг Арманистон томони Қорабоғ можаросини ҳал қилиш бўйича музокараларни тўхтатиб қўйди деган айбловларни рад этди.
“Сиз биласизки, минтақада вазият кескин. Бизнинг вазифамиз музокара жараёнини самарали олиб боришдир. Сўнгги пайтларда Озарбайжон раҳбарияти бизни музокараларни давом эттиришда мантиқсиз баёнотлар бераётганликда ва музокараларни бузганликда айбламоқчи бўлмоқда. Мен аниқ айтмоқчиманки, Арманистон ва Арцахнинг позицияси (Тоғли Қорабоғнинг Арманистоннинг тарихий номи - таҳр.) жуда конструктивдир", дейди Пашинян.
Арманистон раҳбарининг сўзларига кўра, 2018 йил май ойида у Бош вазир лавозимига киришгандан сўнг, “мисли кўрилмаган баёнот” билан чиқққан ва муаммонинг эчими "Арманистон, Озарбайжон ва Арцах халқлари" томонидан мақбул бўлиши керак, деган. Пашинян ушбу баёнот Бакуда муносиб жавоб топишини кутган.
Унинг фикрича, шу йўл билан музокараларда катта ютуқларга эришиш учун кўпроқ имкониятлар яратилиши мумкин эди. Жавобда бу масала фақат Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги доирасида ҳал қилиниши мумкинлиги қайд этилган.
"Аслида, бу баёнот Баку можарони ҳал қилишнинг дастлабки шарти сифатида унинг моҳияти бўлган 1988 йилдаги воқеаларга қайтишни илгари сураётганини англатади", дейди Бош вазир.
Унинг қайд этишича ҳаммасини бошидан бошлаш, янги можарони келтириб чиқариш деганидир.
Арманистон томонининг Озарбайжон раҳбариятига ёқмайдиган барча баёнотлари – “уларнинг бузғунчи баёнотларига жавобдир”, дея қўшимча қилди у.
“Озарбайжон музокаралар жараёнида қуйидаги мантиқни қўйишга уринди: бир томонлама муросага келиш ва акс ҳолда бу масалани куч билан ҳал қилиш. Ва биз бошиданоқ Арманистон билан куч ва таҳдид тилида гаплашишга лойиқ эмаслигини айтдик. Бу бефойда”, деб таъкидлади Пашинян.
Баку яқинда "тарғибот кампаниясига махфий деб номланган маълумотларни ошкор қилувчи янги таркибий қисм" қўшишга қарор қилди.
“Мен озарбайжонлик ҳамкасбларимга бу йўлдан юрмасликни маслаҳат бераман, чунки агар биз махфий маълумотларни тарқатишни бошласак, бу Озарбайжонда ички сиёсий вазиятни беқарорлаштириши мумкин”, деб огоҳлантирган ҳукумат раҳбари.
Пашинян Озарбайжонни можарони тинч йўл билан ҳал қилиш мумкинлигига ишонч билдирган ҳолда, Қорабоғ келишуви конструктив майдонига қайтишга чақирди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 23 июль куни Никол Пашинян Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги сўнгги кескинлик ва Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал этиш жараёни борасида Арманистоннинг позициясини тақдим этган. Арманистон ҳукумати раҳбари икки республикаси чегарасида июль ойида бўлиб ўтган қуролли тўқнашув пайтида кескинликни пасайтирмасликка, балки бундан ҳам кўпроқ зўравонлик қўзғатишга ҳаракат қилган ягона мамлакат Туркия эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12-16 июль кунлари икки мамлакат ўртасидаги вазият янада кескинлашди. Озарбайжонда Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга ўтгани айтилди. Расмий Ереван ҳам қуролли тўқнашувга озарбайжонлик аскарлар ҳужумга ўтганини сабаб қилиб кўрсатди. Расмий Баку 11 нафар ҳарбий жумладан генерал-майор Пўлат Гашимов ҳам ҳалок бўлганини билдирди. Ереван эса 4 қурбон ва 10 ярали ҳақида маълумот берди.
Қайд этиш керакки, Арманистон ва Озарбайжоннинг ҳудудий муаммоси сўнгги 30 йилдан бери давом этяпти. Бунинг сабаби Арманистоннинг Озарбайжонга тегишли бўлган Тоғли Қорабоғни эгаллаб олишидир. Халқаро ҳамжамиятнинг эътирозларига қарамай, Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга қайтармай келади.
Вазият шу даражадаки, агарда икки томон ҳам тинчланмаса давлатлар ўртасида уруш бошланиши эҳтимоли юқори.
Яқинда Ереван ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун Россия билан ҳамкорликни кучайтирди. Россиядан бир неча самолётда Арманистонга қурол-аслаҳалар юборилди. Шу боис Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Путинга қўнғироқ қилиб, Россиянинг бу борадаги “ғамхўрлигига” ўз эътирозини билдирди. Бунинг ортидан Озарбайжон Туркия ҳам билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга киришди. Икки мамлакат ҳарбийлари иштирокида қўшма машқлар ўтказилди. Туркия ҳар қандай вазиятда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини билдирди.
LiveБарчаси