Озарбайжон дунё раҳбарларини Арманистонни ҳарбий тажовуздан қайтаришга чақирди
Олам
−
22 Сентябрь 2020
6773Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев дунё ҳамжамиятини яна Тоғли Қорабоғ муаммосига қаратди. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида БМТга уставига қўшилиш орқали барча аъзо давлатлар ҳар қандай мамлакатнинг сиёсий мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига қарши куч ишлатиш ва таҳдидлардан тийилиш мажбуриятини олганини эслатди.
“Арманистон ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузди ва Озарбайжонга қарши ҳарбий куч ишлатди. Арманистон Тоғли Қорабоғ вилояти ва Озарбайжоннинг унга қўшни етти вилоятини эгаллаб олди. 1993 йилда қабул қилинган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тўртта резолюцияси Арманистон қуролли кучларини босиб олинган Озарбайжон ерларидан тўлиқ, зудлик билан ва сўзсиз олиб чиқилишини талаб қилади. Афсуски, Арманистон ҳали ҳам ушбу қарорларни эътиборсиз қолдиришда давом этмоқда”, дейди Илҳом Алиев.
Тоғли Қарбоғ можароси кеча ё бугун бошлангани йўқ. 30 йилдирки, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида давом этиб келаётган ушбу муаммо ҳарбий провокацияларга сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг июль ойида икки мамлакатлар ҳарбийлари ўртасида тўқнашулар содир бўлди. Натижада яна 10 дан ортиқ ҳарбийлар қурбон бўлди. Расмий Баку ва расмий Ереван ўт очишни қарши тараф бошлаганини иддао қилади. Куни кеча Озарбайжон чегаранинг Товуз райони йўналишида ҳарбий хизматни ўтаётган аскар Арманистон қуролли кучлари томонидан ўққа тутиб ўлдирилганини айтиб чиқди.
Алиевнинг қайд этишича, Арманистон босиб олинган ҳудудларда озарбайжон аҳолисига қарши этник тозалаш ишларини олиб борган.
“Бир миллиондан ортиқ озарлар қочқинлар ва мажбурий кўчманчиларга айланишди. Арманистон Хўжайли геноцидини амалга оширди. Хўжайли геноцидини ўндан ортиқ мамлакат тан олди. Халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузган Арманистон, босиб олинган ҳудудларда ноқонуний жойлашиш сиёсатини олиб бормоқда. Арманистон босиб олинган ҳудудларда озарбайжон халқига тегишли тарихий ва диний ёдгорликларни йўқ қилмоқда”, дейди Президент.
Президентга кўра, 23 август куни чегарада арманистонлик фуқаро қўлга олинган. У Арманистоннинг саботаж гуруҳи раҳбари бўлган ва алоқа чизиғини кесиб ўтишга уринган. У гуруҳ Озарбайжон ҳарбий хизматчилари ва тинч аҳолига қарши террористик ҳаракатлар қилишни режалаштирганини тан олган.
“Арманистон Бош вазири ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари воситачилигида музокаралар шакли ва моҳиятини атайлаб бузмоқда. Унинг "Қорабоғ- Арманистон" деган баёноти музокара жараёнига жиддий зарба. У музокара жараёнида асоссиз шартларни илгари суради. У томонидан Озарбайжонга қўйилган қабул қилинмайдиган "етти шарт" биз томонимиздан рад этилди. Бизда тинчликка эришиш учун ягона шарт бор. Арманистон қуролли кучлари Озарбайжоннинг босиб олинган барча ҳудудларидан чиқарилиши керак. Бутун дунё Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг ажралмас қисми сифатида тан олади
Агрессив риторика ва провокациялар Арманистон Озарбайжонга қарши янги тажовузга тайёрланаётганини намоён этади. Биз БМТ ва халқаро ҳамжамиятни Арманистонни навбатдаги ҳарбий тажовуздан қайтаришга чақирамиз”, дейди Озарбайжон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ереван ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун Россия билан ҳамкорликни кучайтирди. Россиядан бир неча самолётда Арманистонга қурол-аслаҳалар юборилди. Шу боис Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Путинга қўнғироқ қилиб, Россиянинг бу борадаги “ғамхўрлигига” ўз эътирозини билдирди. Бунинг ортидан Озарбайжон Туркия ҳам билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга киришди. Икки мамлакат ҳарбийлари иштирокида қўшма машқлар ўтказилди. Туркия ҳар қандай вазиятда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Маълумот ўрнида, Озарбайжон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлган.
LiveБарчаси