Озарбайжон ва Арманистон чегарасида яна тўқнашув. Қурбон бор
Олам
−
21 Сентябрь 2020
9247Озарбайжон ва Арманистон чегарасида ҳарбий хизматни ўтаётган аскар қуролли тўқнашув натижасида қурбон бўлди. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
“Бугун, 21 сентябрь куни соат 9:20 да Арманистон-Озарбайжон чегарасининг Товуз йўналиши бўйича Арманистон Қуролли Кучларининг провокациясини олдини олиш пайтида, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган кичик сержант Элшан Мамедов ўлдирилди”, дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Мудофаа вазирлиги Ереванни чегарадаги вазиятнинг яна бир кескинлашувида айблади.
Вазирликнинг баёнотида қайд этилишича, сўнгги пайтларда Арманистон Қуролли Кучлари томонидан алоқа чизиғидаги аҳоли пунктлари, фуқаролик инфратузилмаси ва объектларни ўққа тутиш орқали ўт очишни тўхтатиш режими қўпол равишда бузилмоқда.
Мудофаа вазирлиги ҳудуддаги кескинлик учун барча жавобгарликни Арманистоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбариятига юклади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12-16 июль кунлари икки мамлакат ўртасидаги вазият янада кескинлашди. Озарбайжонда Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга ўтгани айтилди. Расмий Ереван ҳам қуролли тўқнашувга озарбайжонлик аскарлар ҳужумга ўтганини сабаб қилиб кўрсатди. Расмий Баку 11 нафар ҳарбий жумладан генерал-майор Пўлат Гашимов ҳам ҳалок бўлганини билдирди. Ереван эса 4 қурбон ва 10 ярали ҳақида маълумот берди.
Қайд этиш керакки, Арманистон ва Озарбайжоннинг ҳудудий муаммоси сўнгги 30 йилдан бери давом этяпти. Бунинг сабаби Арманистоннинг Озарбайжонга тегишли бўлган Тоғли Қорабоғни эгаллаб олишидир. Халқаро ҳамжамиятнинг эътирозларига қарамай, Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга қайтармай келади.
Вазият шу даражадаки, агарда икки томон ҳам тинчланмаса давлатлар ўртасида уруш бошланиши эҳтимоли юқори.
Яқинда Ереван ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун Россия билан ҳамкорликни кучайтирди. Россиядан бир неча самолётда Арманистонга қурол-аслаҳалар юборилди. Шу боис Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Путинга қўнғироқ қилиб, Россиянинг бу борадаги “ғамхўрлигига” ўз эътирозини билдирди. Бунинг ортидан Озарбайжон Туркия ҳам билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга киришди. Икки мамлакат ҳарбийлари иштирокида қўшма машқлар ўтказилди. Туркия ҳар қандай вазиятда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини билдирди.