Кавказда тинчликка ким қарши?
Таҳлил
−
09 Декабрь 2023
6797Маълумки, жорий йилнинг 7 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси ва Арманистон Республикаси Бош вазири девони тинчлик шартномаси тузилиши ҳақида қўшма баёнотни эълон қилди. Бу икки мамлакатнинг 30 йилдан сўнг илк бор тил топишиши ва Кавказда кутилган тинчликка эришишга бир қадам қолганини англатади.
Ҳужжатда айтилишича, Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси минтақада узоқ кутилган тинчликка эришиш учун тарихий имконият яратилди, деган фикрда. Иккала давлат ҳам муносабатларни нормаллаштириш, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларини ҳурмат қилиш асосида тинчлик шартномасига эришиш ниятини тасдиқлайди.
Инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда ва хайрихоҳлик белгиси сифатида Озарбайжон 32 нафар арман ҳарбий хизматчисини, ўз навбатида, Арманистон ҳам 2 нафар озарбайжонлик ҳарбий хизматчини озод қилди.
Хўш, Кавказда тинчлик истаган ва истамаган, йиллар давомида Арманистоннинг босиб олиш сиёсатини ҳам маънан, ҳам қурол билан қўллаб келган давлатлар, жаҳон ҳамжамияти бу баёнотни қандай қабул қиляпти?
Маълумки, Кавказ муаммоси, Қорабоғ можаросининг олов олиши, йиллар давомида ҳал этилмай келишида Минск учлиги номи билан бу муаммони ҳал этиши керак бўлган АҚШ, Россия, Франция ва Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши, БМТ каби тузилмаларнинг улуши катта. Таъбир жоиз бўлса, токи қон тўкилиб, Озарбайжон ўч олиб, ўз ерларига эга чиқмагунигача ташкилотлар ҳам, давлатлар ҳам қўл қовуштириб ўтирди. 2021 йилда бошланиб, 44 кун давом этган озар-арман урушида Қорабоғнинг катта қисми эгалланиб, у ердаги аҳолининг ўзаро тинчлигини ҳимоя қилиш учун Россиянинг тинчликпарвар кучлари жойлаштирилиши билан натижага эришилган бўлса, энди ўша кучларга ҳам эҳтиёж қолмади. 2023 йилнинг сентябрь ойида Озарбайжоннинг бор-йўғи бир неча кун давом этган қарши ҳужуми натижасида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси тугатилди, Қорабоғ буткул эгалланиб, тарихий адолат қарор топди.
Энди эса Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги асосий масала – ўзаро ҳудудий яхлитликни ва суверенитетни тан олиш, тинчликка эришиш. Бу бўйича куни кеча босилган қадам дунё давлатларида қандай кайфиятни уйғотмоқда?
Бу бўйича биринчи баёнот АҚШдан берилди. Қўшма Штатлар Арманистон ва Озарбайжоннинг маҳбуслар алмашинуви ҳақидаги эълонини олқишлаб, томонлар тинчлик битимини имзолаш ва муносабатларни нормаллаштириш устида ишлаётган пайтда буни “ишончни мустаҳкамлаш учун муҳим қадам” деб атади.
“Биз Озарбайжон Президенти [Илҳом] Алиев ва Арманистон Бош вазири [Никол] Пашиняннинг Жанубий Кавказ халқи учун тинч ва фаровон келажак пойдеворини қўйиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз”, дейди Давлат департаменти матбуот котиби Мэттью Миллер.
Унинг баёнотида қайд этилишича, Қўшма Штатлар мустаҳкам ва муносиб тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қатъий қўллаб-қувватлашда давом этади.
Россия Президенти Владимир Путин, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ёки бошқа амалдорлар Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг қўшма баёнотига нисбатан муносабат билдирганича йўқ. Ягона муносабат Федерация Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова томонидан берилди. Унинг билдиришича, Москва қўшма баёнотни ижобий баҳолайди.
“Москва Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси ва Арманистон Республикаси Бош вазири девонининг икки давлат ўртасида муносабатларни нормаллаштириш ва тинчлик шартномасини тузиш бўйича ўзаро ниятларини тасдиқловчи Қўшма баёнотини мамнуният билан қабул қилди”, дейди дипломат.
Унинг таъкидлашича, Москва транспорт коммуникацияларини блокировкадан чиқариш, чегарани делимитация қилиш, тинчлик шартномасини тузиш ва фуқаролик жамияти орқали алоқалар ўрнатишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёр.
“Биз Баку ва Ереван ўртасидаги Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийларини озод қилиш бўйича келишувни олқишлаймиз”, дея қўшимча қилган Захарова.
Қўшма баёнотда Арманистон Озарбайжон номзодини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP-29) иштирокчилари конференциясининг 29-сессиясига мезбонлик қилиш учун ўз номзодини хайрихоҳлик сифатида қайтариб олиши, Озарбайжон эса хайрихоҳлик намунаси сифатида Шарқий Европа гуруҳидан Арманистон Республикасининг COP Бюроси аъзолигига номзодини қўллаб-қувватлаши айтилган. Мария Захарова ушбу масалага тўхталиб, Москва буни алоҳида олқишлашини урғулаган.
Озарбайжоннинг Қорабоғни қайтариб олишида ҳам маънан, ҳам ҳарбий дастак берган Туркия ҳам муносабат беришдан четда қолгани йўқ.
Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда айтилишича, Анқара Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ишончни мустаҳкамлашга қаратилган келишувларни олқишлайди ва тинчлик шартномасининг тезроқ имзоланиши тарафдори.
“Озарбайжон Президенти Администрацияси ва Арманистон Бош вазири девонининг қўшма баёнотида эълон қилинган икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш бўйича аниқ қадамлар қўйиш қарорини олқишлаймиз ҳамда ушбу йўналишда қўшимча чоралар кўриш бўйича муҳокамаларни давом эттириш қарорини қўллаб-қувватлаймиз.
Биз Жанубий Кавказда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни ўрнатишнинг энг муҳим асосларидан бири сифатида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида эртароқ тинчлик шартномаси имзоланиши тарафдоримиз”, дейилади баёнотда.
30 йил давомида Арманистоннинг Озарбайжон тупроқларини эгаллаб олиши ва у ерда қирғинни амалга оширишига тукини ҳам қимирлатмай келган ва ўт очишни тўхтатиш, музокаралар столига қайтиш чақириқларидан бошқа нарсага ярамаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу сафар ўзаро тинчликка эришиш йўлидаги қадамни олқишлаб чиқди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг расмий вакили Стефан Дюжаррикнинг айтишича, Бош котиб Озарбайжон ва Арманистоннинг муносабатларни нормаллаштириш нияти ҳақидаги қўшма баёнотини олқишлайди ва бу узоқ муддатли тинчликни таъминлашга хизмат қилишига умид қилади.
Тинчлик шартномасини тузишда муҳим ўрин тутаётган Европа кенгаши президенти Шарль Мишель эса томонлар қабул қилган баёнот ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
“Биз қўшма баёнот эълон қилиниши муносабати билан Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги алоқаларда катта силжишни олқишлашдан мамнунмиз. Хусусан, биз ҳибсга олинганларнинг озод этилиши ва сиёсий мулоқотнинг мисли кўрилмаган очилишини олқишлаймиз”, деб ёзган Европа кенгаши президенти.
Европа дипломати томонларни имкон қадар тезроқ тинчлик битимини тузишга чақирди:
“Томонлар ўртасида икки томонлама мулоқотни йўлга қўйиш ва чуқурлаштириш Европа Иттифоқи бошчилигидаги Брюссель жараёнининг асосий мақсади эди. Бугунги тараққиёт асосий қадамдир. Энди мен Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларини имкон қадар тезроқ тинчлик битимини тузишга чақираман”, дейди у.
Қорабоғ муаммосини ҳал этиш бўйича 1992 йилда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошида ташкил этилган Минск гуруҳининг ҳамраиси Франция йиллар давомида можарони ҳал этиш ўрнига, оловга мой сепишга уриниб келмоқда. Айни вақтга қадар расмий Париж Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг қўшма баёнотида нисбатан муносабат билдиргани йўқ. Аксинча, сўнгги вақтларда Франциянинг Арманистонга қурол-яроғ етказиб бераётгани ҳақидаги расмий хабарлар ортган, Франция парламентида эса Озарбайжонга қарши ҳужжатлар қабул қилиш анъанавий тус олган.