Уруш нафаси: Алиев ҳарбий ҳолат эълон қилди
Олам
−
27 Сентябрь 2020
16090Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг фармони билан мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинади. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Президентининг ёрдамчиси - Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Ҳикмет Ҳожиев маълум қилган.
Қайд этилишича, мамлакат Конституциясининг 109 ва 111-моддаларига таяниб эртага, 28 сентябрь соат 00:00 дан бошлаб бутун Озарбайжон ҳудудида ҳарбий ҳолат эълон қилиниши тўғрисида фармон қабул қилинган.
Унга биноан, ҳарбий ҳолат пайтида Баку, Ганжа, Сумгайит, Ёвлах, Мингачевир, Нафталан шаҳарларида, Абшерон, Жабрайил, Физули, Бейлаган, Оғдам, Тертар, Гойгол, Дашкасан, Гадабай, Товуз, Шамкир, Гозах ва Агстафа районларида соат 21:00 дан 06:00 га қадар комендантлик соати эълон қилинди.
Комендантлик соати пайтида одамларнинг шахсий гувоҳнома ва махсус ҳужжатларсиз кўчага чиқиши тақиқланади.
Автотранспорт воситалари ҳаракати учун махсус чоралар кўрилади.
Фармон тасдиқлаш учун Миллий Мажлисга юборилган.
Мазкур фармони кўриб чиқиш учун Миллий Мажлисга юборилди. Айни вақтда фармон депутатлар муҳокамасидан ўтмоқда.
Маълумот ўрнида, мамлакат Конституциясига биноан, мамлакатда ҳарбий ҳолат "Озарбайжон Республикаси ҳудудининг маълум бир қисми ҳақиқатан ҳам ишғол қилинганда, чет давлат ёки чет давлатлардан Озарбайжон Республикасига уруш эълон қилинганда, Озарбайжон Республикасига қуролли ҳужум қилиш хавфи мавжуд бўлганда, Озарбайжон Республикаси ҳудудининг блокланиши, шунингдек ҳақиқий хавф мавжуд бўлганда” эълон қилинади.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари бугун, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.