Трамп Европага 4 июлгача муҳлат берди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқига савдо келишувини тўлиқ амалга ошириш учун 4 июлгача муҳлат берди. У акс ҳолда Европа маҳсулотларига нисбатан янада баланд тарифлар жорий этилишини айтди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан телефон орқали суҳбатдан кейин маълум қилди.

Трампнинг баёноти Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги савдо муносабатларидаги таранглик кучайиб бораётган бир пайтда янгради. Жорий йилнинг 1 май куни у Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган автомобилларга божлар 15 фоиздан 25 фоизга оширилишини айтган эди. Энди эса бу таҳдид 4 июлга қадар кечиктирилди.

Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Европа Иттифоқи Шотландиянинг Тернберри шаҳрида тузилган савдо келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаришини узоқ кутганини ёзган.

“Европа Иттифоқи келишувга кўра тарифларини нолга туширишга ваъда берган эди. Мен унга мамлакатимиз 250 йиллигини нишонлайдиган 4 июлгача вақт беришга рози бўлдим. Акс ҳолда, улар учун тарифлар дарҳол анча юқори даражага кўтарилади ”, деган у.

Ўтган ёзда эришилган келишувга кўра, Европа Иттифоқи АҚШ товарларига нисбатан қолган тарифларни қисқартириш мажбуриятини олган. Эвазига АҚШ Европа маҳсулотларининг аксарияти учун 15 фоизлик ягона тариф жорий қилишга рози бўлган. Бу қўшимча божлар йиғилиб кетишининг олдини олиши керак эди.

Ҳозирда Европа парламенти ва аъзо давлатлар тарифларни бекор қилишга имкон берадиган қонунчилик устида музокара олиб бормоқда. 6 май куни кечқурун бўлиб ўтган музокаралар якуний келишувсиз тугаган бўлса-да, иштирокчилар 19 майгача ечим топилиши мумкинлигини айтмоқда.

Агар Трамп келишувни бузса ёки Европа Иттифоқи ҳудудий яхлитлигига таҳдид қилса, хавфсизлик кафолатларини киритиш келишувдаги асосий баҳсли масала бўлмоқда. Бу Трампнинг аввалроқ Данияга қарашли Гренландияни куч билан эгаллаш ҳақидаги баёнотларидан кейин янада долзарблашган. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар эса ҳужжатнинг дастлабки матнини сақлаб қолиш ва келишувни тезроқ амалга ошириш тарафдори.

Урсула фон дер Ляйен ҳам ижтимоий тармоқлардаги баёнотида қонунчилик ўз вақтида қабул қилинишига ишонч билдирган.

“Биз ҳар икки томондан ҳам келишувни амалга оширишга тўлиқ содиқмиз. Июл бошига қадар тарифларни қисқартириш бўйича яхши силжиш кузатилмоқда”, деган у.

Трамп “ажойиб” деб атаган телефон мулоқоти ҳозирча икки томон ўртасидаги тарангликни юмшатган кўринмоқда. Брюсселдаги аксарият дипломатлар ва расмийлар Трампнинг олдин ҳам бир неча бор кескин таҳдидлар қилиб, кейин фикрини ўзгартирганини эслатиб, 25 фоизлик тарифлар амалга киришига ишонмаётганини билдирган.

Суҳбат давомида Яқин Шарқдаги можаро ҳам муҳокама қилинган.

“Биз Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак деган фикрда бирдаммиз. Ўз халқини ўлдираётган режим миллионлаб одамларни ўлдириши мумкин бўлган бомбага эга бўлмаслиги керак”, деган Трамп.

Фон дер Ляйен ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Европа автомобилларига божни ошириш таҳдидига кескин жавоб берганди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Европа Европа Иттифоқи Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг