БМТ Хавфсизлик Кенгаши Украинадаги уруш бўйича йиғилиш ўтказади
Олам
−
11 Май 2022
4017БМТ Хавфсизлик Кенгаши эртага, 12 май куни Украинадаги гуманитар вазиятга бағишланган йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда ТАСС ташкилотдаги манбага таяниб маълум қилган.
“Учрашув 12 май куни, куннинг биринчи ярмида бўлиб ўтади”, деган манба.
Агентликнинг яна бир манбаси ҳам 12 май куни Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатлашувлари ўтказилишини тасдиқлаган.
CNN’га кўра, Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши Франция ва Мексика илтимосига кўра чақирилган. Таъкидланишича, у очиқ форматда ўтказилади, қандайдир масала бўйича овоз бериш кутилмайди.
“Учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси вакиллари сўзга чиқади”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши жорий йилнинг 6 май куни бўлиб ўтган йиғилишда Россиянинг Украинага ҳарбий босқини бошлангандан бери биринчи марта раиснинг Украинадаги вазият бўйича баёнотини қабул қилганди.
Маълумот ўрнида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши вето ҳуқуқига эга 5 доимий аъзодан иборат: АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси