Аш-Шара яна Европага таклиф қилинди
Олам
−
04 Ноябрь 2531 3 дақиқа
Германия канцлери Фридрих Мерц кеча, 3 ноябрь куни Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шарани Германияга таклиф қилиб, мамлакатда жиноят содир этган суриялик фуқароларни депортация қилиш масаласини муҳокама этишни режалаштирганини маълум қилди.
“Биз, албатта, жиноят содир этганларни Сурияга қайтаришда давом этамиз. Бу – бизнинг режамиз. Энди буни аниқ ва амалий тарзда йўлга қўямиз”, деди Мерц журналистларга.
Канцлернинг сўзларига кўра, Германия, шу билан бирга, Сурияни барқарорлаштиришга ёрдам бермоқчи. У аш-Шара билан “бу муаммони биргаликда қандай ҳал этиш мумкинлиги” ҳақида гаплашиш ниятида эканини қўшимча қилди.
Олдинги консерватив канцлер Ангела Меркель 10 йил аввал қочқинлар учун “очиқ эшиклар сиёсати”ни амалга оширган, натижада Германияга тахминан 1 миллион муҳожир, асосан фуқаролик урушидаги Суриядан қочганлар кириб келган эди.
Шундан бери Германияда ўнг радикал партияларга қўллаб-қувватлаш кескин ошди, ва Мерц бошчилигидаги ХДИ партияси чегара хавфсизлиги ва миграция бўйича анча қатъий сиёсат юритмоқда, депортация жараёнларини тезлаштиришни ваъда қилган.
“Яна бир бор айтаман: Суриядаги фуқаролик уруши тугади. Энди Германияда бошпана бериш учун асос қолмади”, деди Мерц.
Собиқ президент Башар Асаддан ҳокимиятни 2024 йил декабрида қабул қилиб олганидан бери, Аҳмад аш-Шара бир қатор хорижий сафарларни амалга оширди. Унинг ўтиш даври ҳукумати Асад даврида изоляцияга учраган Дамашқнинг дунё давлатлари билан муносабатларини тиклашга интилмоқда.
Жорий йил 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди. Қолаверса, аш-Шара 11 апрель куни ҳам Туркиянинг Анталия шаҳрида Анталия дипломатия форуми доирасида (ADF 2025) Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашган эди.
7 май куни Суриянинг янги муваққат раҳбари ўзининг биринчи Европага ташрифини Франциядан бошлади ва мамлакат Президенти Эммануэль Макрон билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказди. 14 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифи давомида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди ва унга Исроилни тан олиш ҳамда Иброҳим келишувларига қўшилиш таклифини берди. Қолаверса, 14 май куни Ар-Риёд шаҳрида Туркия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Сурия етакчилари иштирокида онлайн форматдаги тўрт томонлама мулоқот ҳам ташкил этилганди.
Сентябрь ойида Аш-Шара БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида нутқ сўзлади, Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан музокара ўтказди.
Октябрда эса у Москвага бориб, Кремлда Россия Президенти Владимир Путин билан музокара ўтказди.
Аш-Шаранинг ноябрь бошларида Вашингтонга ташриф буюриши ҳам кутилмоқда.
Live
Барчаси