Трамп аш-Шарани Исроилни тан олишга чақирди
Олам
−
14 Май
5309Бугун, 14 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) билан учрашди ва унга Исроилни тан олиш ҳамда Иброҳим келишувларига қўшилиш таклифини берди. Бу ҳақда “New York Post” хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммити доирасида ўтказилган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған суҳбатга масофавий тарзда қўшилган.
Трамп учрашув давомида Суриядан нафақат дипломатик тан олишни, балки қуйидаги чораларни ҳам амалга оширишни талаб қилган:
- Иброҳим келишуви (Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш)га қўшилиш.
- Чет эл фуқаролигига эга бўлган барча террорчиларни Сурия ҳудудидан чиқариб юбориш.
- Барча ҲАМАС жангчиларини Сурия ҳудудидан чиқариб юбориш.
- АҚШга Сурияда ИШИД қайта кучайишининг олдини олишда ёрдам бериш.
- Сурияда ИШИД жангарилари сақланаётган қамоқхоналарга жавобгарликни ўз зиммасига олиш (ҳозирда бу қамоқхоналарни курдлар назорат қилади).
Трамп, шунингдек, Саудиядан ҳам Иброҳим келишувларига қўшилишни сўраган ва бу қарорни “мени катта ҳурмат қилиш бўлади”, дея таъкидлаган.
Суриянинг янги раҳбари Трампнинг бу таклифларига қандай жавоб бергани ҳозирча ошкор этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Times ” нашри Сурия расмийлари Башар Асад даврида жорий этилган АҚШ санкцияларининг бекор қилиниши эвазига Америка компанияларига мамлакатдаги табиий ресурсларни ўзлаштириш имконини беришга тайёрлиги ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, нашр янги Сурия етакчиси Иброҳим шартномасига қўшилиши бўйича музокараларни бошлашга ҳам тайёрлиги ҳақида ёзган эди.
LiveБарчаси