“10 йил олдин террорчи, бугун жаноб президент”

Таҳлил

image

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Суриянинг муваққат ҳокимияти раҳбари Аҳмад аш-Шара Кремлга ўзининг талаб ва таклифлари билан ташриф буюрди. Жаҳон саҳнасида анчайин устамонлиги билан кўплаб давлат раҳбарлари эътирофига сабаб бўлаётган аш-Шара маъмурияти, узоққа чўзилган Украина билан урушдан ҳолдан тояётган Путин маъмуриятининг мулойимлашиб қолганидан фойдаланиб қолмоқчи кўринади.

Россиядан бошпана топган Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Путин илк бора Сурия муваққат президентини Москвада қабул қилди. Аҳмад аш-Шара Россияга биринчи ташрифида Путин билан икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг келажаги, сўроқ остида қолаётган масалалар юзасида суҳбат қурди. Кремлдаги Россия-Сурия олий даражадаги музокаралари давлат раҳбарларининг камералар олдида чиқиши билан бошланди. Унда Путин Москва ва Дамашқ ўртасидаги “алоҳида муносабатлар”ни яна бир бор таъкидлади. Бундан ташқари, у аш-Шара ҳокимияти томонидан 5 октябрда ўтказилган парламент сайловларини ижобий эътироф этди.

Путин кечаги ўн йиллик азалий ғанимга бугун “президент” деб мурожаат қилиб, унга ҳурмат-иззат билан муносабат қилди. 2024 йил декабрда Аш-Шара гуруҳи ҳукуматни эгаллаб олганидан сўнг, йил якунида ўтказилган “Прямая линия с Владимиром Путиным” телекўрсатувида Россия Президенти “Сурияни террорчилар эгалламади,” деб, аш-Шара маъмуриятини тан олишга гўё ишора қилгандек эди. Буни қарангки орадан бир йил ҳам ўтмай туриб Россия ҳокимияти ўз уйида собиқ душманини меҳмон қилиб унга хушомадлар қилмоқда.
 
Бунга жавобан Аҳмад аш-Шара ҳам таклиф учун Путинга миннатдорлик билдириб, Дамашқнинг Россия-Сурия муносабатларини “қайта тиклаш” ниятини эълон қилди.

“Бизни Россия билан боғлайдиган икки томонлама муносабатлар ва умумий манфаатлар мавжуд…”, деб илиқ сўзлар айтган аш-Шара.

Қисқагина очилиш қисмидан сўнг учрашувнинг асосий қисми ёпиқ эшиклар ортида давом этган. Икки ярим соатдан ортиқ олиб борилан Путин ва аш-Шара ўртасидаги музокараларда кўтарилган мавзулар ҳақида Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак журналистларга қисқача интервью берди. Унинг таъкидлашича, Россия энергетика ва транспорт лойиҳаларида иштирок этишга, Сурияни қайта тиклашга кўмак беришга тайёр. Бунинг эвазига эса Сурия ҳудудидаги нефть конларидан фойдаланишга келишиб олишган. Унинг қўшимча қилишича, Дамашқ Россиядан буғдой, озиқ-овқат ва дори-дармон импорт қилишга қизиқиш билдирган.

Аш-Шара ҳам Россия билан илгари тузилган барча келишувларни ҳурмат қилиши ва келгусида ҳам амал қилишини айтган. Бу эса қайсидур маънода Сурия ҳудудидаги Россиянинг ҳарбий базалари дахлсизлигининг кафолати деганидир. Кўпчилик учрашувнинг марказий мавзуси айнан шу – Россиянинг икки ҳарбий базасининг тақдири бўлишини кутган эди. Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази етакчи илмий ходими Николай Суховнинг RTVI телеканалига айтишича, “томонлар ҳарбий базалар мақомини расмийлаштирадиган янги асосли келишувларни имзолашдан манфаатдор. Россия ҳам, Сурия ҳам бу борадаги статус-квони сақлаб қолиш ниятида: Москва минтақадаги ҳарбий мавжудлиги ва таъсирини сақлаб қолмоқчи, Дамашқ эса иқтисодий ва сиёсий манфаатлар, шунингдек, хавфсизлик кафолатларини олишни истайди”. Қолаверса, Суриянинг янги раҳбарияти ўз ваколатларини қонунийлаштиришга, юзма-юз музокараларда Москвадан ёрдам олишга интилаётганини қўшиб ўтган. Унинг фикрича, Суриядаги кутилмаган ўзгаришлар Россиянинг Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базалари билан алоқа ўрнатишига тўсқинлик қилмади.

Айни дамда Сурия ҳам Путинга турли талаблар билан чиқган. Булар орасида очиқланганлари, авваламбор янги ҳукуматни халқаро майдонда легитимликка эришиш учун ёрдам, ҳарбий-техник ҳамкорлик,  иқтисодий ва инфратузилма лойиҳалари ҳамда минтақавий хавфсизлик ва дипломатик мувофиқлаштириш.

Аш-Шара ўзининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши илинжида Россиядан кўмак сўрагани аниқ. Путин ҳам “Президент Аҳмад аш-Шара” жумласини қўллаганлиги бу ўринда алоҳида аҳамиятлидир. Бир қанча вақт илгари Туркиядан ҳарбий соҳада кўмак сўраган аш-Шара бугун Россия ҳукуматига ҳам худди шундай сўров билан чиқмоқда. Николай Сурхов берган маълумотларга кўра, Россия ҳам бунга рози, аммо жануби-ғарбий чегарасида кетаётган уруш бунга қанчалик имкон беради, бу борада изоҳ берилмаган.

Кўпчиликнинг кутилмаларига кўра, Сурия томонидан қўйиладиган талаблар орасида Башар Асаднинг Дамашққа экстрадиция қилиниши эди. Аммо очиқланган маълумотларда бу ҳақида гапирилмаган. Фақат учрашув олдидан “Reuters”нинг Сурия расмийларига таяниб чиқарган хабарида ушбу таклиф берилиши кутилаётгани айтилган эди. Ҳозирги кунда Москвада истиқомат қилиб келаётган Башар  Асад баъзи янгиликларда кўриниш бериб қолади. Россия ўзининг ҳимоясига олган шахсларни топшириб юбориши эҳтимолдан йироқ, aммо бу ишни қилса ҳам, буни очиқдан-очиқ қилмаслиги тайин.

Кремль доим ўзини Оқ уйдан фарқли ўлароқ “ҳамкорларига нисбатан содиқ” эканини иддао қилади. Бир қарашда, Россия сиёсий доиралари айнан шу важ билан Асадни аш-Шара чангалига топширмаслиги мумкиндек кўринади. Аммо яқин ўтмишга назар ташланса, Россия қайси дўстлари учун астойдил ҳимоя қалқони бўлиб бергани ёки уларнинг ҳаётини сақлаб қолганини топиш қийин. Масалан, биргина Путин ҳокимият тепасида турган даврнинг ўзида Яқин Шарқда Россиянинг яқин ҳамкори бўлган Саддам Ҳусайн дорга осилди. Шимолий Африкада Муаммар Каддафий юзлашган ҳалокатли тақдир ҳам шулар жумласидандир. Бу воқеликларда Кремль амалий қадамининг изи кўринмаган.

Тарихий конфликтлар

Бугунги Россия аш-Шара маъмурияти билан узоқ тарихий конфликтларга эга экани кўпчиликка маълум бўлса керак. Ҳофиз Асаднинг социализм ғоялари билан ҳукумат тепасига келиши ўлароқ Собиқ Совет Республикаси билан яқин алоқалар ўрнатилган эди. Ўшанда СССР ҳукумати Сурияга Асад ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун кўп ёрдам берган. Ҳарбий техникалар, сиёсий маслаҳатчилар ва бошқа амалий кўмаклар бу икки давлат ўртасида қалин алоқалар ҳосил қилган.

Башар Асаднинг ҳокимиятга келиши ва СССРнинг қулаши бу яқинликка таъсир этмади. “Араб баҳори” тўлқинида 2011 йилда Сурияда бошланган фуқаролар уруши фонида Асад маъмуриятини қулатиш тарафдори бўлган оппозицияга қарши курашишда Башар Асад тўла Россияга таянган. Айни дамда АҚШ Сурия ҳудудидаги террорчи гуруҳларга қарши курашиш мақсадида курд жамоаларини қўллаб қувватлади. Сурия шимолида бетартиблик ҳосил қилган курдлар туфайли, Суриянинг шимолдаги қўшниси Туркия жанг майдонига ғойибона қўшилди ва Асад ҳукуматига қарши каолицияга ёрдам берди.

Аммо барибир Россиянинг кейинги ҳаракатлари жанг тақдирини ҳал қилди.  Ҳарбий ва техникавий ёрдамлардан ташқари, 2015 йилда Россия ҳарбий қўшинлари Сурия ҳудудига кириб келади. Башар Асад илтимосига биноан келган ҳарбий кучлар тўнтарилишчиларга қарши шафқатсиз равишта кураш олиб боради. Натижада Асад ҳокимияти сақлаб қолинади, аммо Россиянинг ҳудуддаги таъсир доираси ортиб кетади. Бу ерга рус ҳукумати ўз ҳарбий гуруҳларини жойлаштириб, ҳарбий базалар қуради.

Аш-Шара билан бўлган эндиги учрашув ҳам томонлар узоқ йиллик тарихий зиддиятни четга суриб, илк бора ўзаро ҳамкорлик қилиш учун муросага келганини англатади. Айнан мана шу жиҳатлар туфайли ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ёрдамчиси Стефан Дюжаррик Аҳмад аш-Шаранинг Россияга ташрифини Суриянинг халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадами сифатида олқишлади.

Туркиянинг оппозицияни қўллови

Сурия ҳудудида доимий муаммолардан бири – мамлакат шимолида истиқомат қилувчи курдлардир. Ушбу этник халқ Туркия, Сурия ва Ироқ ҳудудларига сочилиб кетган бўлиб, мустақил давлатга эга эмас. Туркияда эса курдлар ҳуқуқлари муаммоли ҳисоблангани учун бу мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатига ўз таъсирини кўрсатади. Туркия маъмурияти фикрича, Сурия шимолида мустақил курд минтақасининг пайдо бўлиши, Туркия ичидаги курд сепаратизмини янада кучайтириб юборади. Башар Асад эса курдларга авторитарлик ҳуқуқини беришни ваъда берган эди. Шу туфайли Туркия оппозицион гуруҳ – Сурия миллий каолицияси ҳаракатини қўллайди.

2024 йил декабрь ойида Асад ҳокимиятини ағдариб, ҳукумат тепасига келган Сурия миллий каолициясининг Туркия билан алоқалари яхшилигича қолди. Ҳатто аш-Шарага бир неча бор уюштирилган суиқастда Туркия махфий кучлари унинг ҳаётини сақлаб қогани ҳақида маълумотлар бор. “Едиотҳ Аҳронотҳ” газетаси олдинроқ берган маълумотларига кўра, аш-Шарага нисбат содир этилган уч суиқастда ҳам уни Туркия разведкси ҳимоя қилиб қолган. 

Исроил матбуотига кўра, Сурия муваққат президентига уюштирилган биринчи суиқасд Дамашқдаги Қаср аш-Шаб саройи яқинида бўлган. Бу ҳаракат эса Туркия махфий хизматларининг тезкор жавоби туфайли бартараф этилган ҳамда воқеа жойида гумондорлар зарарсизлантирилган. 

Иккинчи суиқасд Иордания билан чегарага яқин жойда, аниқроғи Дара шаҳри ҳудудида режалаштирилган. Аҳмад аш-Шаранинг мазкур ҳудудга ташрифи чоғида атрофда икки нафар гумонланувчи аниқланган. Сурия ва Туркия хавфсизлик кучларининг биргаликдаги ҳаракатлари билан аш-Шаранинг йўналиши ўзгартирилган ва бу орқали ҳужумнинг олдини олинган. Бу воқеалар оммадан сир тутилиб, махфийлигича қолдирилган.

Учинчи ва энг жиддий суиқасд эса Дамашқда Сурия раҳбарининг мунтазам маршрутида қуролли пистирма шаклида уюштирилган. Бу сафар ҳам яна Туркия ва маҳаллий разведка ходимлари ҳужумга тайёргарликни ўз вақтида аниқлаб, суиқасдга уринганларнинг режасини барбод қилгани айтилган.

Бундан ташқари, НАТОга аъзо бўлган Туркия Яқин Шарқда Россия таъсирини ошиб кетишини ҳам истамас эди. Шу туфайли бу ердаги кучларни мувозанатлаш ва Ғарб танқидига учрамаслик учун ҳам Туркия оппозицион гуруҳни қўллаб қувватлаган.

Суриянинг геосиёсий аҳамияти

Сурия Яқин Шарқдаги энг муҳим стратегик марказлардан бири ҳисобланиб, бу ердаги  Россия ҳарбий базалари тақдири Башар Асад ҳокимияти ағдарилганидан кейин мувҳум бўлиб турган эди. Айнан ушбу учрашувда бу масалалар ҳақида келишувга эрилган бўлиши эҳтимоли юқори.

Айни дамда Россияниг Сурия ҳудудида Латакия вилоятидаги Ҳмеймин ҳаво базаси, Ўртаер денгизидаги Тартус денгиз базаси мавжуд бўлиб, Қамишли аэропортига ҳам ҳарбийларни жойлаштирган. Бу ўринда Россияни Ўртаер денгизи билан боғловчи Тартус базаси алоҳида аҳамиятлидир. Ўртаер денгизида Россиянинг мавжудлигини сақлаб қолиш ҳар доим рус ҳукуматининг асосий мақсадларидан бири бўлиб қолади.

Шу билан биргаликда Сурия фойдали қазилмаларга ҳам бой ҳудуд ҳисобланади. Нефть ва газ конларига эга бўлган ушбу ҳудуд Россия манфаатларига хизмат қиламаса, “душманлар” фойдасига ишлашини билган Путин ҳукумати бу ҳудудда иложи борича мустаҳкам ўрнашишни истайди.

Бундан ташқари, Сурия Россияни Яқин Шарқда ўз таъсирини сақлаб қолиш учун алоҳида муҳим ер деб ҳисобланайди. Ушбу  ҳудудда АҚШнинг “этагига осилиб олган” Исроил борлигини ҳисобга олсак, Сурияда Россия базаларининг мавжуд бўлиши бу ердаги кучлар мувозанатини таминлайди.

Россиянинг кейинги ҳаракатлари

Ушбу учрашувнинг ташкил этилиши, Россиянинг Сурия билан келгусидаги муносабтлари ҳақида прагноз қилишга ёрдам беради. Икки ўртада бўлган илиқ суҳбат ва энди буйруқ эмас, таклиф берувчи позициясига ўтган Россиянинг кейинги ҳаракатларида Сурия билан яқинлашув бўлиши кутилмоқда. Бутун Ғарб олами Россияа қарши санкциялар эълон қилган бир пайтда рус ҳукуматига бугун иттифоқчилар ҳар қачонгиданда зарур.

Озарбайжондан узр сўраган Путин энди Аҳмад аш-Шаранинг ҳам барча таклифларига рози бўлиши, уни қўллаб-қувватлаши эҳтимоли катта. Суриядан қандайдир ҳарбий қўллов кутиш, албатта, нотўгри, аммо иқтисодий тарафдан Сурия Россияга оёққа туришга ёрдам бериши мумкин. Ҳеч бўлмаганда душман бўлгандан кўра, дўст бўлган афзал қабилида ҳаракат қилаётган Россия энди Сурияга ҳам керак вақтида ён беришга тайёр.

Берилган ваъдалар, келишилган шартларни Россия қай даражада амалга ошириши бошқа масала. Буни барчасини, албатта, вақт кўрсатади. Аммо Россияда Суриядаги ҳокимиятни қўллаш жуда қимматга тушгани борасида яхши тажриба бор. Путин ўтган йиллар мобайнида Асадни “тахт”да сақлаб қолиш учун россиялик солиқ тўловчиларнинг миллиардларини Дамашқ томонга оқизиб юборди. 

Эски режим учун Москва томонидан сарлафланган маблағларни ҳисоблашда 10 хоналик сонлар ҳам етмаслиги мумкин. Масалан, Россия 2015 йил 30 сентябрдан бошлаб Асад илтимосига биноан Сурияда ҳарбий интервенцияни бошлади. Ўша йилнинг октябрь ойи охирига келиб эса ушбу амалиётнинг харажатлари тўғрисида тахминий рақамлар юзага чиқа бошлади. Уларда келтирилишича, Россия ўша пайтда ҳар 24 соат ичида Суриядаги ҳарбий амалиёт учун нақд 4 миллион доллар сарфлаётганди. Ҳаво ҳужумлари, таъминот, инфратузилма ва қуруқликдаги ходимлар, уларни рағбатлантириш ва бошқа барча харажатлар кунига 4 миллион долларга тушаётганди. Россиянинг бундай фаол ҳарбий аралашуви 2017 йилнинг охиригача давом этган.

Аммо бу харажатларни Суриянинг ҳозирги ҳолати билан солиштириб бўлмайди. Негаки, энди мамлакатда фуқаролик уруши кетмаяпти. Кўплаб қуролли бўлгинчилар аш-Шара атрофида бирлашишга бирин-кетин рози бўлмоқда. Яқинда энг йирик айирмачи – курдлар бошчилигидаги кучлар расмий Дамашқ билан бирлашишга тайёрлиги ҳақида хабарлар чиқди. Бу кучлар ҳатто “пойтахт”и Ар-Раққа бўлган алоҳида “давлат”га ҳам асос солиб олгани кўпчиликка маълум. 

Бу шароитда эса Россиянинг Сурияга амалий ёрдами фақат хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш, хусусан, разведка маълумотлари таъминоти ҳамда бошқа тажрибалар алмашинуви орқали берилиши мумкин. Вайрон бўлган инфратузилмаларни тиклашда ёрдам қўлини чўзиш эҳтимоли ҳақида эса ҳали ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Агар Россия бу соҳада ҳам Дамашққа қандайдир кўмак таклиф қилса, буни ёрдам эмас, балки бундан 10 йил олдин ўзи томонидан йўқ қилинган уйлар ва бузилган объектларни қайта тиклаш деб малакалаш мумкин. Тўғри, ўшанда Россия террорчиларни йўқ қилиш учун бу ҳарбий амалиётни ўтказган. Аммо Москванинг бир неча йиллар давомида Сурияда олиб борган бомбардимонлари хўлу қуруқни бирдек ёққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Сурия Туркия Путин СССР Башар Асад Кремл Дамашқ Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг