Андижонда топилган чақалоқ жасади, мулки хавфда қолган рус бойлари, зўравонликда айбланаётган МЮ ҳужумчиси... 31 январь дайжести

Таҳлил

image
Бугун Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? 31 январь тарих зарварақларида муҳр қолдира олдими? Ўтган куннинг муҳим воқеа-ҳодиса ва янгиликлар қисқача тафсилоти билан қуйида танишишингиз мумкин.

Жамият 

Андижонда янги туғилган чақалоқ жасади топилди

Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида янги туғилган қиз чақалоқнинг жасади топилган.

Ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳам муносабат билдирди.

Қайд этилишича, чақалоқнинг жасади топилганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кейинчалик эса Бош прокуратура QALAMPIR.UZ’га ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни тақдим этди.

Унга кўра, янги туғилган (қиз жинсли) чақалоқ жасади жорий йилнинг 21 январь куни соат 09:30 ларда Жалақудуқ тумани, Жанубий Оламушук шаҳарчаси, Иттифоқ МФЙ, Тикка кўчасидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудуддан ташқи тан жароҳатларсиз топилган.

Мазкур ҳолат бўйича воқеа жойи туман прокурори, туман прокуратураси терговчиси, туман ИИБ  бошлиғининг 1-ўринбосари, ЭКБ эксперти, вилоят суд тиббий экспертиза мутахассиси ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари иштирокида ҳодиса жойи ва чақалоқ жасади кўздан кечирилган.

Олиб борилган терговга қадар текширув давомида мазкур чақалоқни шаҳарчанинг “Навоий” МФЙ, Бирлик кўчасидаги уйда яшовчи вояга етмаган 17 ёшли (2004 йил 1 июлда туғилган) М.Ш. яшаш уйининг ёнидаги қурилиши тугалланмаган бино ичида 20 январь куни соат 23:00 ларда ўлик ҳолатда туғиб, унинг жасадини ушбу бинонинг орқа томонига ташлаб кетгани аниқланган.

Болалар ва ҳомиладорларга 7 турдаги витаминлар бепул берилади

15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладорлар 7 турдаги витаминлар комплекси билан бепул таъминланади. Бу ҳақда “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони билан тасдиқланган “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланди.

Дастурга кўра, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир устувор вазифалар ижроси доирасида:

  • 46 та туманлараро перинатал марказ ташкил этилади;
  • ушбу муассасалар кадрлар, тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

Самарқандда ёши катта эркакни юзига тепган ўқувчи ушланди

Ижтимоий тармоқларда Самарқандда “тиктокер” кўчада кетаётган катта ёшли эркакни тепгани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолатга Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси изоҳ берди.

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 24 январь куни соат тахминан 19:00 ларда Самарқанд шаҳри Қўшчинор маҳалласида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Ў.А. маҳалладоши Б.Ҳамидов яшовчи кўчада келаётган 1968 йилда туғилган фуқаро Ф.Р.нинг юз қисмига тепиб, ҳодиса жойини тарк этган. Ҳолатни эса Ў.А.нинг таниши 2006 йилда туғилган Р.К. тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган.

ХТВ мактабларда йўқ қилинадиган 223 та дарслик рўйхатини эълон қилди

2020-2021 ўқув йили якуни бўйича барча мактабларда фойдаланиш муддати тугаган 223 та дарслик кутубхона жамғармалари ҳисобидан чиқарилиб, утилизация қилинади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, 2020-2021 ўқув йили якуни бўйича умумтаълим мактаблари ҳамда имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари фойдаланиш муддати тугаган, яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли кутубхона жамғармалари ҳисобидан чиқарилиши, утилизация қилиниши лозим бўлган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар рўйхати тасдиқланган.

Биржада суюлтирилган газ ва ёғ арзонлашди

Жорий йилнинг 24 – 30 январь кунлари Ўзбекистонда пахта ёғи, суюлтирилган газ ва полиетилен нархи пасайди. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси” АЖ Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта биржа савдоларида 1 трлн 598 млрд 9 сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 8,1 фоизга камдир.

Шунингдек, очиқ биржа савдолари орқали жами 1 трлн 457 млрд 8 сўмлик товар ресурслари сотилган. 

Олам

Трамп Байден сабаб Учинчи жаҳон уруши бошланишини айтди

Америка Президенти Жо Байденнинг заифлиги ва етарли лаёқатга эга эмаслиги туфайли учинчи жаҳон уруши хатари юзага келмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Конрода (Техас штати) тарафдорлари олдида сўзлаган нутқи давомида маълум қилди.

“Байденнинг заифлиги ва компетенцияга эга эмаслиги учинчи жаҳон урушининг реал хавфини яратмоқда”, деган Трамп.

Шунингдек, у Байденнинг президентлик даврида КХДР аввалгига қараганда кўпроқ баллистик ракеталар синовини ўтказаётганини таъкидлаган. Бундан ташқари, Трампнинг сўзларига кўра, Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши “ҳалокатли” бўлган.

“АҚШ гўзали-2019” танлови ғолибаси ўлик ҳолда топилди 

“АҚШ гўзали-2019” танлови ғолибаси Чесли Крист Нью-Йорк шаҳрида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “The New York Post” полициядаги манбаларга таяниб хабар берган.  

30 ёшли танлов ғолибасининг жасади кеча, 30 январь куни эрталаб 60 қаватли осмонўпар бино ёнидан топилган. Крист бинонинг тўққизинчи қаватида яшаган, лекин охирги марта уни 29-қаватда кўришган. 

Нашрнинг ёзишича, Крист ўлимидан олдин ҳаммасини онасига қолдиришни истаётганини билдирувчи ёзув қолдирган.

Москвада мигрантлар оммавий муштлашув уюштирди

Россиянинг Москва шаҳрида муҳожирлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Можарода Тожикистон фуқаролари иштирок этгани тахмин қилинмоқда.

Можарода 15 га яқин одам иштирок этган. Шунингдек, жанжалда иштирок этганликда гумон қилинган 66 киши полиция томонидан ушланган.

БМТ ходимларини ўлдирган 51 киши ўлимга ҳукм қилинди

Конго Демократик Республикасида ҳарбий трибунал 2017 йилнинг март ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг икки ходимини ўлдирганликда айбланган 51 кишини ўлимга ҳукм қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, иш юзасидан жами 54 киши судланган. Гумонланувчилардан бири 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, яна икки нафари оқланган. 

2003 йилдан бери Конго Демократик Республикасида ўлим жазосига мораторий киритилган, шунинг учун ҳукм қилинганларнинг жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади. 

Британияда россиялик олигархларнинг мулки мусодара қилинади 

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс Лондондаги россиялик олигархларнинг мулкини мусодара қилишга рухсат берди. Украина атрофидаги вазият муносабати билан санкцияларни кенгайтириш ҳақидаги қонун лойиҳаси шу ҳафта тақдим этилади.  

Трасс “Кремлни қизиқтирган ҳар қандай компания”га қарши чеклов чораларини кўриш режаларини эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, “Путинга яқин” бизнес элита ва “Россия режими манфаатларини илгари сурувчи” корхоналар санкциялардан “яширина олмайди”.

Бир балоси бўлмаса... Тўқаев Қозоғистонда халқаро суриштирув ўтказилишига қарши чиқди

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев январь ойи бошидаги тартибсизликлар бўйича халқаро тергов ўтказишни рад этади. Тўқаев 220 кишининг ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлардан кейин берган илк интервьюсида Қозоғистондаги ҳодисалар теракт эканини айтди.

“Қозоғистонда халқаро тергов ўтказишга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Бизнинг ҳалол ва қобилиятли одамларимиз бор”, деган Тўқаев.

Россияда 2 яшар ўзбекистонлик қизнинг жасади топилди

Россиянинг Ленинград вилоятида 34 ёшли аёл ҳибсга олинди. У энага бўлиб ишлаган ва ҳозир ўзбекистонлик икки яшар қизни ўлдиришда гумонланмоқда. Бу ҳақда НТВ хабар берди.

30 январь куни кечқурун Мурино шаҳридаги Менделеев булваридаги уйлардан бирининг квартирасидан 2 ёшли қизалоқнинг жасади топилди.

Энага икки кун давомида боланинг ўлимини яширган. Воқеа жойига етиб келган тез ёрдам шифокорлари бу ҳақда қизнинг онасига хабар беришган. 

Блогер TikTok'даги жонли эфир вақтида онаси ва бувисини калтаклади

Россиянинг Волгоград шаҳрида блогер TikTok'даги жонли эфир вақтида онаси ва бувисини калтаклади. Ҳозирда йигитга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан текширув бошланди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ёзмоқда. 

Қайд этилишича, йигитнинг онаси ва бувиси унга баланд мусиқа сабаб танбеҳ берган. Йигит бунга ҳақорат билан жавоб қайтарган. Кейин эса "тиктокер" онасига ташланиб, уни ура бошлаган. Шу орада хонага унинг бувиси кириб, аёлга ёрдам бермоқчи бўлган. Бироқ, кекса аёл набирасини тўхтата олмаган, йигит эса уларни уриб, хонада улоқтира бошлаган. Натижада кекса аёл йиқилган ва ёрдам сўраб, бақиришни бошлаган. Она эса йигитга полицияга қўнғироқ қилишини айтган.

Спорт

МЮ футболчиси жинсий зўравонликда гумонланмоқда. У 10 йилга қамалиши мумкин

Кеча, 30 январь куни полиция "Манчестер Юнайтед" футболчиси Мейсон Гринвудни ҳибсга олди. Унга 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Англия терма жамоаси вингери ўзининг севгилиси, модель Гарриет Робсонга жинсий зўравонлик қилганликда гумон қилинмоқда. Робсон ўзининг жинсий алоқа қилишга мажбурлангани акс этган аудиоёзувни эълон қилган ва калтакланиш белгиларини кўрсатган. Шунингдек, у Гринвудни зўравонликда айблаб, бир қатор фотосуратларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.

Проф бокс юлдузи футболда дебют қилади

Профессионал бокснинг супер оғир вазн тоифасида WВА Super, WВО, IBF ва IBO йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони Александр Усик Украинанинг “Полесье” футбол клуби футболчиси бўлаётгани ҳақида гапирди.

“Мен биринчи лигадаги “Полесье Житомир” жамоаси сафида дебют қиламан. Клуб билан Туркия йиғинида қатнашаман ва 3 февраь куни майдонга тушаман. Қишки кубок – Футбол телеканалида томоша қилинг. Ҳаммага бокс, кейин эса футбол”, дейди Усик.

Дзюдо. Ўзбекистон Гран-при турнирини битта медаль билан якунлади

Кеча, Португалиянинг Алмада шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при сериясига кирувчи мусобақа ўз якунига етди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси битта олтин медаль билан турнирни якунлади.

-73 кг вазн тоифасида иштирок этган Муроджон Йўлдошев ушбу мусобақа қаҳрамонига айланди. У ғалаба йўлида Финляндия, Нидерландия, Грузия, Мўғулистон ва Испания мамлакати вакилларини мағлубиятга учратди. Ушбу ғалаба унга жаҳон тасниф жадвали учун 700 очко тақдим этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг