БМТ ходимларини ўлдирган 51 киши ўлимга ҳукм қилинди

Олам

image

Конго Демократик Республикасида ҳарбий трибунал 2017 йилнинг март ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг икки ходимини ўлдирганликда айбланган 51 кишини ўлимга ҳукм қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, иш юзасидан жами 54 киши судланган. Гумонланувчилардан бири 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, яна икки нафари оқланган. 

2003 йилдан бери Конго Демократик Республикасида ўлим жазосига мораторий киритилган, шунинг учун ҳукм қилинганларнинг жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади. 

Маълумот учун, БМТнинг икки ходими - АҚШ ва Швеция фуқароси 2017 йилнинг март ойида Конгонинг Касаи провинциясида бедарак йўқолган. Улар минтақадаги қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлган одамларнинг оммавий қабрлари жойлашган жойларни ўрганиш учун борган. Мутахассисларнинг жасадлари икки ҳафтадан кейин топилган. 

Расмий хабарларга кўра, улар маҳаллий жангарилар томонидан ўлдириб кетилган.  Қуролли шахслар ташкилот ходимларининг йўлини тўсган ва далага олиб чиқиб, қатл этган. Ўша йилнинг июнь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши қотиллик қасддан содир этилгани ва бунга маҳаллий разведка ходимларининг алоқаси бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

379

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг