АҚШ Усмоновга қарши санкцияда истисно қилди
Олам
−
04 Март 2022
12876Америка Қўшма Штатлари Молия вазирлиги россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли компанияларни санкция эълон қилинган рўйхатдан чиқариб ташлади. Бу ҳақда Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) директори Андреа Гаки томонидан имзоланган ҳужжатда келтирилган.
Қайд этилишича, Усмоновнинг 50 фоиздан ортиқ улушга эгалик қиладиган компанияларига ҳам санкция қўлланилмайди. Уларнинг ҳисоблари блокланмаган, транзакцияларга рухсат берилган.
Ҳужжатга кўра, Усмонов OFAC томонидан чекловлар жорий этилган шахслар рўйхатида йўқ – АҚШда унинг иштирокидаги юридик шахсларнинг мулки ва улушлари блокдан чиқарилган, уларга ўз ҳисобварақларидан маблағларни ечиб олишга рухсат берилган. Ушбу истисно Усмоновнинг илгари бошқа сабабларга кўра чекланган активлари ёки компанияларнинг молиявий операцияларига тааллуқли эмас.
Маълумот учун, кеча, 3 март куни Қўшма Штатлар Россиянинг Украинадаги босқинига жавобан россияликларга қарши янги шахсий санкцияларни эълон қилди. Саккиз киши (оила аъзолари билан бирга) санкциялар остида қолди. “Транснефт” раҳбари Николай Токарев, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов ва ВЭБ.РФ раиси Игор Шувалов, миллиардерлар Алишер Усмонов, Аркадий Ротенберг ва Борис Ротенберг, бизнесмен Евгений Пригожин ва Президент матбуот котиби Дмитрий Песков.
Оқ уй Матбуот хизматига кўра, санкцияланганлар АҚШ молия тизимидан узилади, активлари музлатилади ва мулклари блокланади.
“АҚШ маъмурияти миллиардерларга қарши санкциялар ва унинг натижасида юзага келган молиявий босим уларни Владимир Путиндан узоқлашишга ва уни Украинадаги урушни тўхтатишга мажбур қилишига умид қилмоқда”, дея ёзилган “Bloomberg” нашрида.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Россия Президенти Владимир Путинга яқин ҳисобланган миллиардерларга санкция жорий қилганди. Улар орасига “Роснефть” раҳбари Игорь Сечин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ва бошқалар кирган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси