Песков, Усмонов, Фридман... ЕИ Путинга яқин миллиардерларга санкция жорий қилди
Олам
−
01 Март 2022
7004Европа Иттифоқи Россия Президенти Владимир Путинга яқин ҳисобланган миллиардерларга санкция жорий қилди. Улар орасига “Роснефть” раҳбари Игорь Сечин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ва бошқалар кирди. Шунингдек, Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам санкция билан сийланди.
Жами 26 нафар россиялик Европа санкциялари остида қолган, жумладан, юқори мартабали амалдорлар ва ҳарбийлар, тадбиркорлар ва журналистлар.
Улар орасида, шунингдек, “Северстал”нинг асосий эгаси Алексей Мордашов, “Альфа-Банк” директорлар кенгаши раиси Пётр Авен, “Альфа Гроуп” кузатув кенгаши раҳбари Михаил Фридман, телебошловчилар Аркадий Мамонтов, Антон Красовский, Роман Бабаян, Олга Скабеева, Тигран Кеосаян ва виолончелчи Сергей Ролдугин ҳам бор.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи СОГАЗ суғурта компаниясига чекловлар киритди.
Россия Президенти Владимир Путин ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олиб, Украинага қўшин киритганидан сўнг Ғарб давлатлари аллақачон Россияга қарши бир неча бор санкциялар жорий қилган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси