Зеленский “Росатом”га қарши санкциялар қўллашга чақирди

Олам 3456
image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг “Росатом” атом энергетикаси давлат корпорациясига қарши халқаро санкциялар жорий этишга чақирди. 

Украина раҳбари Запорожье атом электр станцияси атрофидаги вазиятга изоҳ берар экан, Россияни “ядровий шантаж”га уринишда айблади. 

Бундан ташқари, давлат раҳбари яна россияликларга Шенген визаларини беришни тўхтатиш тарафдори бўлди. 

“Виза олиш ва Россия фуқароларининг Европада дам олиши одатий ҳол эмас”, дейди Зеленский. 

Унинг сўзларига кўра, баъзи Европа компанияларининг Россия бозорини тарк этишдан бош тортиши ҳам "ғайритабиий". 

Украина Президенти Москвани бошқа давлатлар, жумладан, Украинага босим ўтказиш учун газдан фойдаланиш ниятидаликда айблади. 

“Энергия бозорларида нархларнинг сунъий равишда ошиши кузатилмоқда, бунга Россия айбдор. Москва Европани қўрқитмоқчи. Россия Федерациясида иқтисодий террор бор”, дейди у.

Маълумот учун, “Росатом” атом энергияси давлат корпорацияси – 400 дан ортиқ атом саноати корхоналарини бирлаштирган Россия давлат холдинги. Росатом таркибига Россиядаги барча фуқаролик ядро компаниялари, ядровий қурол комплекси корхоналари, тадқиқот ташкилотлари, шунингдек, ядро муз парчалаш флоти киради. “Росатом” Россия атом электр станцияларини бошқаради. 

Давлат корпорацияси жаҳон атом саноатида етакчилардан бири бўлиб, уран захиралари бўйича дунёда иккинчи ва ишлаб чиқариш бўйича бешинчи, атом энергиясини ишлаб чиқариш бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди, уранни бойитиш хизматлари бўйича жаҳон бозорининг 40 фоизини ва ядро ёқилғиси бозорининг 16,3 фоизини назорат қилади. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 8
Рейтинг: 3.4
t
×