Мелони ва Зеленский Ливиядаги ҳужум сабаб кескин тортишди – “Bloomberg“

Олам

−

visibility3627 timer2 дақиқа

image

Италия Бош вазири Жоржа Мелони Украина Президенти Владимир Зеленский билан Ливиянинг Бенғози портига уюштирилган ҳужум юзасидан кескин суҳбатлашди. Бунга Украина Россия кемаларига қарши операцияни иттифоқчилари билан келишмагани ва Италия томонини олдиндан огоҳлантирмагани сабаб бўлган. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Мелони Зеленскийдан ҳануз ғазабда. Чунки Украинанинг Ливиядаги операцияси оқибатлари Италия Бош вазирининг сайловолди кампаниясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Ливия Италиянинг яқинида жойлашгани сабабли Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг Италия чегараларига яқинлашиши Мелони учун сиёсий хавф туғдириши мумкин.

Кеча, 27 ноябрь куни Италия Ташқи ишлар вазири ва Бош вазир ўринбосари Антонио Тайани Зеленский Ливиядаги операция ҳақида Италия томонини олдиндан хабардор қилмагани учун Мелонидан узр сўраганини айтган.

Тайани, шунингдек, Зеленскийнинг Украина Бенғози портига берган зарбаларини халқаро ҳамкорлар билан мувофиқлаштиргани ҳақидаги баёноти ҳақиқатга мос келмаслигини билдирган.

Аввалроқ, Ливия Президент кенгаши аъзоси Муса ал-Куни Бенғози портига берилган зарбалар учун Киевни жавобгар деб атаган ва бундай ҳужумларни номақбул деб баҳолаган. Ҳужум оқибатида Ливия Миллий армияси ҳарбий-денгиз кучларининг икки нафар ҳарбийси ҳалок бўлган.

Шундан сўнг, Ливия Ташқи ишлар вазирлиги Украинадан портга қилинган ҳужумларга алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий изоҳ талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливиянинг шарқидаги Бенғози денгиз базасида Россия ҳарбий кемасига дронлар ҳужум қилгани тахмин қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳужум оқибатида “Меркурий” корветига жиддий зарар етган ва база ҳудудида ёнғин чиққан.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг