Трамп, Путин ва Си Цзиньпин истаса, уруш битта учрашувда тугаши мумкин – Зеленский

Олам

−

image

Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарлари хоҳласа, Украинадаги урушни битта учрашувдаёқ якунлаш мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, АҚШ ва Хитой Россияга қарши санкциялар жорий этса ёки бундай чоралар билан таҳдид қилса, Москва урушни тўхтатишга мажбур бўлади. Бу ҳақда Зеленский NBC News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Украина Президенти ушбу фикрларни бугун, 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган АҚШ, Россия ва Хитой президентларининг уч томонлама саммити олдидан билдирган.

Зеленскийнинг айтишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Россияга босим ўтказиш учун етарли имкониятга эга. Агар улар бу имкониятдан фойдаланмаса, бу икки давлат раҳбари урушнинг тугашини аслида истамаётганини кўрсатиши мумкин.

Журналист Зеленскийдан агар у уч давлат раҳбари билан бирга музокарада қатнашиш имконига эга бўлганида, уларга нима деган бўлишини сўраган.

“Улар битта учрашувнинг ўзида Путинни тўхтатиш учун етарли кучга эга“, дея жавоб берган Украина раҳбари.

Шу билан бирга, Зеленский Украина тақдирига оид қарорлар мамлакатнинг ўзи иштирокисиз қабул қилинмаслиги кераклигини таъкидлаган. У бу позицияни Telegram-каналидаги постида ҳам такрорлаган.

“Украина масалалари Украинанинг иштирокида, Европа масалалари эса Европанинг иштирокида ҳал қилиниши керак“, деб ёзган у.

Зеленскийнинг маълум қилишича, эртага, 20 ноябрь куни АҚШ вакиллари Берлинда ўтказиладиган учрашувларда қатнашади. Улар Трампнинг Хитойдаги музокаралари ҳақида Украина томонига маълумот беради. Украина Президентининг айтишича, Вашингтон ҳозирда музокараларда Европанинг ҳам тўлиқ иштирок этишини қўллаб-қувватламоқда.

20 ноябрь куни Берлинда Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатлар коалицияси ҳам йиғилади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, учрашувда Украина мудофааси ва энергетика соҳаларига ёрдам бериш бўйича янги пакетлар тайёрланмоқда.

У, шунингдек, Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг Украинага мувофиқлаштирилган молиявий ёрдам кўрсатиш механизмини яратиш таклифини қўллаб-қувватлаган. Ушбу режа доирасида Европа Иттифоқи Украинага 45 миллиард еврогача (52 миллиард доллар) ёрдам ажратиши мумкин.

Зеленскийнинг айтишича, бу маблағлар аввалдан режалаштирилган ёрдамга қўшимча бўлади ҳамда 2027 йилда Украина бюджети ва мудофаа эҳтиёжларининг катта қисмини қоплашга хизмат қилади. У Европа парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгашини режани имкон қадар тезроқ тасдиқлашга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 ноябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Шэньчжэндаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити меҳмонлари учун уюштирилган зиёфатга борган эди ва қўл бериб кўришганди. Тадбир мезбони сифатида уларни Хитой етакчиси Си Цзиньпин қабул қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг