Италияда минглаб одамлар Мелони сиёсатига қарши бош кўтарди

Олам

−

image

Бугун, 20 ноябрь куни Италияда минглаб ишчилар, хизматчилар ва талабалар Жоржа Мелони ҳукумати сиёсати ҳамда 2027 йилги бюджет лойиҳасига қарши норозилик акцияларига чиқди. Намойишлар 24 соатлик умуммиллий иш ташлаш доирасида ўтказилмоқда. Бу ҳақда ANSA хабар берди.

Қайд этилишича, иш ташлашни Италия касаба уюшмалари – Италия умумий меҳнат конфедерацияси (CGIL) ва мустақил касаба уюшма ташкилотларини бирлаштирувчи Cobas ташкил этган. Акцияларга, шунингдек, таълим харажатларининг қисқартирилишига қарши умумевропа ҳаракати доирасида талабалар ҳам қўшилган.

Норозилик иштирокчилари яшаш харажатларининг ошиб боришига қарши чиқмоқда, Италия мактабларининг аҳволини танқид қилмоқда, шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ажратиладиган маблағларни кўпайтиришни талаб қилмоқда.

Римдаги юришга CGIL бош котиби Маурицио Ландини бошчилик қилган. Намойишга мухолифатдаги Демократик партия етакчиси Элли Шляйн ҳам қўшилган.

“Ҳукумат бироз саросимага тушиб қолганга ўхшайди. Улар қалбан бу бюджет [Италиянинг 2027 йилги давлат бюджети лойиҳаси – таҳр.] ҳеч нарсага ярамаслигини жуда яхши тушунишади. Кўчадаги одамларга қулоқ тутинг – биз тўхтамаймиз”, дея баёнот берган Ландини.

Милан, Неаполь, Генуя, Болонья, Бари ва Турин шаҳарларидаги акцияларга ҳам минглаб одамлар тўпланган.

Эслатиб ўтамиз, Италияда оммавий норозилик намойишлари аввалроқ ҳам бўлиб ўтганди. Жумладан, 16 октябрь куни минглаб ўқувчи ва талабалар Мелони сиёсати, ҳаёт қимматлашуви ва таълимнинг етарли даражада молиялаштирилмаслигига қарши Рим, Милан, Флоренция, Болонья ва Генуя кўчаларига чиққан эди. Эртаси куни эса Милан, Болонья, Турин ва Бергамода намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди.

Европа ахборот маркази директори Николай Топорниннинг баҳолашича, Европада норозилик фаоллигининг кучайишига иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви ҳамда бошқа товар ва хизматлар нархи ошишига олиб келаётган энергия ресурсларининг қимматлашуви сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, иқтисодий норозиликларга кўпинча ёшлар ва радикал гуруҳлар ҳам қўшилиб кетади, бу эса намойишларнинг тартибсизликлар ва вандализм ҳаракатларига айланиб кетишига олиб келиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг