Европарламент Озарбайжонга қарши санкциялар қўллашга доир резолюцияни қабул қилди
Олам
−
06 Октябрь 2023
5017Европарламентнинг кеча, 5 октябрь куни Страсбургда ўтган ялпи мажлисида Европа Иттифоқи ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва Тоғли Қорабоғдаги вазият юзасидан санкциялар қўллаш зарурлиги ҳақидаги резолюция қабул қилинди.
“Европа парламенти сўнгги воқеалар ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашганини ҳисобга олган ҳолда Европа Иттифоқининг Озарбайжон билан муносабатларини тўлиқ қайта кўриб чиқишга чақиради”, дейилади ҳужжатда.
Унга кўра, Европа комиссиясидан Озарбайжоннинг халқаро мажбуриятларини бузгани учун Баку билан энергетика соҳасида стратегик ҳамкорликни тезкорлик билан қайта кўриб чиқиш талаб қилинмоқда. Хусусан, Арманистонга қарши ҳарбий тажовуз ёки гибрид ҳужумлар содир этилган тақдирда Озарбайжондан газ ва нефть импортига қарамликни камайтириш ва бу етказиб беришдан бутунлай воз кечиш таклиф этилмоқда.
Депутатлар Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги арман аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳурмат қилишга чинакам тайёр эканини кўрсатмагунича Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик шартномаси бўйича музокараларни тўхтатиб туришга чақирмоқда. Улар, шунингдек, Озарбайжон ҳукумати томонидан депутатларга нисбатан номақбул изоҳ ва таҳдидлар туфайли виза режимини соддалаштиришдан бош тортиш ва айрим соҳаларда ҳамкорлик даражасини пасайтириш тарафдори.
Юқоридаги чора-тадбирлардан ташқари, парламентарийлар Европа Иттифоқи ва аъзо давлатларни Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ва инсон ҳуқуқларининг кўплаб бузилиши учун масъул бўлган Озарбайжон ҳукумати аъзоларига қарши индивидуал санкциялар жорий этишга, шу билан бирга, Тоғли Қорабоғдан келаётган қочқинлар оқими ва ундан келиб чиқадиган гуманитар инқирозни бартараф этиш учун Арманистонга барча зарур ёрдамни зудлик билан таклиф қилишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди. Шундан сўнг, Арманистон Қорабоғдаги арманларга нисбатан ирқий камситишлар айблови билан Озарбайжонга қарши Гаага халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритди. Озарбайжон томони мазкур ҳолатга изоҳ бериб, даъвонинг асоссиз ва бемаъни эканини билдирди. 29 сентябрь куни Озарбайжон БМТ миссиясини Қорабоғга таклиф қилди ва БМТ делегацияси тан олинмаган ва тугатилган Тоғли Қорабоғга борди.