Тўнтариш ижрочилари яширинча тайёрланаётган бўлган – Тўқаев

Олам

image

Қозоғистонда мамлакат жамиятининг ҳамжиҳатлиги услубий жиҳатдан бузилган, Миллий хавфсизлик қўмитаси эса таҳдидни сезмаган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 11 январь куни парламентга йўллаган видеомурожаатида гапирган. 

"Жамиятимиз жипслиги, жумладан, профессионал ишлаб чиқилган сценарийлар бўйича норозилик акциялари орқали услубий жиҳатдан бузилди. Радикал чора-тадбирларнинг аниқ ижрочилари яширинча тайёрланаётган эди. Миллий хавфсизлик қўмитаси ваколатли орган сифатида бу қўпорувчилик ишига аниқ баҳо бера олмади ва беришни ҳам хоҳламади, миллий хавфсизликка жиддий таҳдидни сезмади”, дейди Тўқаев. 

Давлат раҳбарининг айтишича, жангарилар мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олишни мақсад қилган, шу билан бирга ҳужум режаси мураккаб эди. 

"Қозоғистонга ҳужум режасида бир қанча турли жиҳатлар – ҳарбий, сиёсий, мафкуравий, дезинформация ва бошқалар бор эди. Ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўриш устида профессионаллар ишлаган", дейди у. 

Унинг сўзларига кўра, давлат тўнтаришига уринишлар муваффақиятсизликка учраган. 

“Қозоғистоннинг бир қатор шаҳарларида миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари тартибсизликлар вақтида ўз навбатчилик пунктларини тарк этган”, дейди Тўқаев. 

Президент Қозоғистон Миллий хавфсизлик тизимини қайта форматлаш кераклигини урғулаган.  

Унга кўра, Қозоғистонда Миллий гвардия ва махсус кучларнинг янги бўлинмалари тузилади, мамлакат чегара хизмати тамойилларини қайта кўриб чиқиши керак. 

Қозоғистон Президенти биринчи навбатда Хитой билан божхона чегарасида тартибни тиклаш бўйича топшириқ берган. 

У, шунингдек, мамлакатда диний экстремизм ва жиноятчиликнинг қўшилиб кетиши олдини олиш зарурлиги ҳақида гапирган. 

Эслатиб ўтамиз, Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг собиқ маслаҳатчиси Ермухамет Ертисбаев “Хабар-24” телеканалига берган интервьюсида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакат тоғли ҳудудларида намойишчилар ўргатилаётгани айтилган ўқув лагерлари ҳақидаги маълумотларни яширганини маълум қилганди. 

Кейинроқ, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг