Россия дипломатларини қувган Руминияга жавоб қилди
Олам
−
13 Май 2022
13774Москва Руминиянинг ҳаракатларига жавобан мамлакатнинг Россиядаги элчихонасининг ўн нафар ходимини “персона нон грата” (исталмаган шахс) деб эълон қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“13 май куни Руминиянинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Кристиан Истрате Россия Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди ва у ерда унга вазирликда Москвадаги Руминия элчихонасининг ўн нафар ходимини “персона нон грата” деб эълон қилиш тўғрисидаги нота топширилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу чора Руминия томонидан 5 апрель куни ўн нафар россиялик дипломатни чиқариб юбориш қарорига жавоб бўлган.
“Россия томони Руминия томонининг Украинадаги ҳарбий жиноятлар учун айбни Россия зиммасига юклашга бўлган асоссиз уринишларини қатъиян рад этади”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Россия апрель ойида Европа Иттифоқи, Болгария ва Германиянинг мамлакатдаги дипломатларини чиқариб юборганди. Май ойида эса Дания ва Болгария дипломатларини “персона нон грата” деб эълон қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси